Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиникада "Она сутини тарғиб этиш масалалари"га бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ҳудуддаги мавжуд 10 та оилавий поликлиника раҳбарлари, катта ҳамшира ва патронаж-доялари таклиф этилган тадбирни шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шокиржон Ҳайдаров очиб, тиббиётчиларнинг "Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида"ги Қонунда белгиланган бурчлари ҳақида сўз юритди.

– Бизга қўйилган талаб, – деди Шокиржон Абдулҳамидович, – она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш, ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат. Она сути иммуноглобулинга бой бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди, чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоялайди, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам буюк аллома Абу Али ибн Сино она сутини қуёш нурига қиёслайди. Замонавий тиббиётда ҳам она сутининг шифобахш хусусиятлари алоҳида эътироф этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чақалоқларни она сути билан боқиш бўйича 10 қадам тамойилини тар­ғиб этиб келяпти.

Мамлакатимизда ҳам бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Семинар ана шу йўналишдаги тажрибаларни оммалаштиришга қаратилди.

3-оилавий поликлиника мутахассислари иштирокчиларга она-бола туғруқхонадан уйига қайтгач, болани кўкрак сути билан озиқлантириш жараёнини кузатиш, бу борада онага маслаҳат ва тавсиялар бериб боришда қўллаётган самарадор усуллари билан таништирдилар. Улар тарғибот жараёнларида чақалоқни соатга қараб эмас, талаб қилган заҳоти эмизиш кераклиги, янги туғилган чақалоқлар 3-3,5 соат оралиқда озиқлантирилиши, она ва бола доимо бирга бўлиши шартлигини алоҳида уқтирмоқдалар. Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ томонидан ишлаб чиқилган "Ўн қадам" қоидалари поликлиника жамоасининг дастуриламалига айланди.

Семинар ниҳоясида Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси раҳбари ўринбосари Мушарраф Собирова ўрганилган тажрибаларни жойлардаги ҳамкасбларга етказиш, фаолиятга изчил татбиқ этиш долзарб вазифа эканлигини таъкидлади.

М. ОБИЛОВ.