Мамлакатимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кутилган самараларни бермоқда. Вилоятимизда 520 дан ортиқ нодавлат тиббий муассасалар мавжуд, уларда 1300 нафарга яқин врач, ҳамшира, кичик тиббий ходим фаолият кўрсатяпти. Жорий йилда яна 12 та стационар ва 21 та амбулатор шифохоналар очиш режалаштирилган. Энг қувончлиси, хусусий тиббиёт сифат ва самарадорликда давлат даволаш-профилактика муассасалари билан рақобат даражасига интилмоқда. Ана шу натижага эришишда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг шифокор-тадбиркорларни клиникалар қуриш, фаолиятини ташкил этиш, даволаш-диагностика ишларини юксак савияда олиб боришдаги кўмаклари, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, истиқболли режаларини қўллаб-қувватлашдек ғамхўрликлари катта аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, яқинда бошқарма томонидан "Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялашнинг ягона Низоми мазмун-моҳияти"га бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбир координатори, бошқарма тиббиёт ва тиббий туризмни ривожлантириш шўъбаси мудири Фурқатжон Холмирзаев кириш сўзида Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунига биноан ишлаб чиқилган Низом талабларига тўхталиб, унда белгиланган тиббий фаолиятни лицензиялаш, лицензияланадиган бино-иншоотлар, моддий-техник база, ходим ва мутахассисларга қўйиладиган санитария меъёрлари, гигиеник шартларни диққат билан ўрганиш ва амал қилишга эътибор қаратди.
Вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғининг ўринбосари Дилмурод Эргашев ўз маърузасида шифохона ҳудудини ободонлаштириш, атрофини ўраш, стационар клиника хоналари ва ёрдамчи иншоотларида санитария-гигиена талабларига мос инфратузилма яратиш, ходимлар тиббий кўриги, инфекцияларнинг олдини олиш чоралари кўрилганлиги асосий талаблардан эканлигини уқтирди.
Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Аъзамжон Раҳимов ўз нутқида лицензияланадиган нодавлат тиббий ташкилот ходимлари сифат таркиби, моддий-техника базаси бўйича белгиланган шартлар билан таништирди. Таъкидланганидек, стационарда операцион муолажа йўлга қўйилса, жарроҳ камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши даркор. Бош шифокор, врач-мутахассислар учун ҳам малакавий тоифа зарур.
Туғруқ қабул қилиш йўлга қўйиладиган бўлса, биринчи тоифали акушер-гинеколог, анестезиолог-реаниматолог, неонатолог ва клиник лаборант врачлар жалб этилиши даркор.
Ўқув семинари савол-жавоб, таклиф-мулоҳаза, баҳсу мунозараларга бой бўлди. Шу ўринда, барча хусусий тиббиётчилар билиши лозим бўлган савол-жавоблардан айримларини ҳавола этмоқчимиз.
* * *
САВОЛ: – Тиббий фаолиятга лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи миқдори қанча ва расмийлаштирилган ариза ваколатли орган томонидан умумий тартибда неча кун давомида кўриб чиқилади?
ЖАВОБ: – Лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи БҲМнинг 5 баравари миқдорида белгиланган. Расмийлаштирилган ариза ваколатли орган томонидан 20 кун давомида кўрилади.
САВОЛ: – Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш учун ариза тезлаштирилган тартибда неча кунда кўриб чиқилади ва йиғим миқдори қанча?
ЖАВОБ: – Тезлашган тартибда 5 иш куни давомида кўрилади. Йиғим БҲМнинг 4 баравари миқдорида.
САВОЛ: – Тиббий фаолият учун лицензияга қўшимча фаолият тури киритмоқчиман. Қандай тартибда ариза беришим мумкин?
ЖАВОБ: – Лицензиялар аризага биноан лицензияловчи орган томонидан қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши мумкин:
– лицензия асосида амалга ошираётган фаолиятини лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик тури билан кенгайтиришда;
– лицензия асосида фаолият юритаётган юридик шахслар томонидан ташкил этилган филиаллар ва ваколатхоналарнинг ушбу фаолият билан шуғулланишида;
– юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъектининг фаолиятни амалга ошириш жойи ўзгарганда.
Тадбиркор-тиббиётчи фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўла туриб, худди шу соҳадаги алоҳида фаолиятнинг кичик турига лицензия бериш тўғрисида мурожаат қилса, у қўшимча талаблар ва шартларни қаноатлантирадиган маълумотлар тақдим этиши кифоя.
ТААССУРОТЛАР
Ғуломқодир АСХОНОВ,
"Невромедсервис" шифохонаси бош шифокори:
– Хусусий сектордаги тиббиётчиларни ўйлантириб келаётган муаммолар ечимини кўрсатиб берган семинар ташкил этилганлигидан жуда ҳам миннатдорман. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши боис дастлаб 3 киши билан иш бошлаган шифохонамизда бугун 20 нафар ходим хизмат кўрсатяпти. Неврологик касалликларни аниқлаш, даволаш сифати, технологиялари замон талаблари даражасида. Аммо шиддаткор давр ҳар куни билим ва тушунчаларимизни кенгайтиришни талаб қилмоқда. Мана бугун лицензиялаш бўйича Низом билан танишиб, зарур тушунчаларга эга бўлдик.
Сайдулло МАШРАББОЕВ,
"СД-КЛИНИК" кўп тармоқли хусусий клиникаси раҳбари:
– Клиникамиз 2023 йилдан иш бошлади. Урология, гинекология, кардиология, болалар невропатологияси, лор касалликлари даволаняпти. Лаборатория, физиотерапия, операцион хона ва жамланмалар, УЗД бор. Семинарда кейинги лойиҳамизни амалга оширишнинг калитини топдим. Ногиронлар реаблитациясини ташкил этишдан иборат режани амалга оширишда қонун, фармон, қарор ва низом билан чуқур танишганим мақсадга мувофиқ бўлди.
Маргарита МИРЗАМАҲМУДОВА,
"Евромед С клиника" врач-лаборанти:
– Семинарда хусусий клиникаларда электрон тизимни тезроқ жорий қилиш кераклиги жиддий таъкидланди. Клиникамизда жаҳон стандартидаги "РИКОС" дастури ишга туширилганлиги ҳамда кучли лаборатория микроскоплари, сўнгги авлод УЗИ аппарати, охирги русумдаги доплер каби юқори аниқликдаги технологиялар ёрдамида 500 дан ортиқ таҳлилларни амалга ошираётганимиз диагностика ва даволашдаги ютуқларимизнинг бирламчи асосларидандир.
* * *
Семинар доирасида замонавий даволаш ва диагностика, фармацевтика саноати воситалари кўргазмаси ҳам ташкилланди. Хорижий компанияларнинг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан ҳавола этилган тиббий технологиялар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қатор хусусий клиникалар мутасаддилари билан мазкур асбоб-анжомларни етказиб бериш юзасидан келишувларга эришилди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.