Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳар йили ёз ойида икки ҳафталик тозалов тадбири ташкилланади. Бир муддат беморларни қабул қилиш тўхтатилади. Ана шу фурсатдан фойдаланган ҳолда жамоа аъзоларининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Айниқса, ёши улуғ меҳнат фахрийларини марказ маъмурияти ва касаба уюшма ташкилоти санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлайди.
Биз, саккиз нафар пенсионер-шифокорлар ҳамкасбларимиз қаторида ҳалол ва фаол фаолият юритиб келаётганимиз учун муносиб сийловга сазовор бўлдик. "Косонсой" фахрийлар сиҳатгоҳида бепул ҳордиқ чиқариб, ўз саломатлигимизни мустаҳкамлаб қайтдик. Сафимизда гастроэнтеролог Абдуллажон Мамажонов, травматолог Маҳаммаджон Акбаров, физиотерапевт Елена Цурикова, ренгентолог Бахтиёр Ҳожимирзаев, лаборант Муҳаммаджон Бобожонов ва гематолог Соҳибжон Ғафуровлар бор эдилар.
"Косонсой" фахрийлар сиҳатгоҳи бош врачи Ҳусанбой Юсуфжонов марказдан ташриф буюрганларнинг олқишларига мушарраф бўлди. Чунки барча бинолар ҳамда соя-салқин ҳовлида дам олувчиларга зарур шароитлар муҳайё қилиб қўйилибди. Ҳатто Косонсой туманидаги хушманзара гўшалар ва музейларга сайру саёҳатгача уюштириб турилди.
Биз марказимиз бош врачи Низомиддин Отамирзаев ва касаба уюшма қўмитаси раиси Обидхон Қорабоевга юксак эътибор учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.
Содиқжон АБДУЛЛАЕВ,
ВКТТМнинг фахрий шифокори.