Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самарси ўлароқ тиббиёт муттасил тараққий этиб боряпти. Касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш натижадорлиги тобора ўсмоқда. Бу тизим мутасаддиларидан чуқур билим ва малакага эга бўлишни тақозо этади.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган қисқа муддатли ўқув ана шу мақсадда уюштирилди. Унга Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, уларнинг бирламчи тизим бўйича ўринбосарлари, координаторлари, бош ҳамширалари, бош доялари, шунингдек, эндокринолог, кардиолог ва онкологлари жалб қилинди.
Уч кун давом этган машғулотлар Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Наманган ҳудудий бўлинмасида, Чуст, Косонсой ва Уйчи туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникаларда олиб борилди. Тегишли дастурга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорларида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди. Шунингдек, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмалари асосида даволаш ва диагностика ишларини кучайтириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини янги босқичга кўтариш, соҳага татбиқ этилаётган Давлат тиббий суғуртаси механизмларини ўзига хос жиҳатлари ва бошқа долзарб масалалар қамраб олинди. Ўқув қатнашчилари олган билим ва кўникмалари бўйича имтиҳондан ўтдилар.