63-халқаро "Гуллар фестивали"нинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди. Давлатобод туманида барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон боғи"да қад ростлаган ёзги амфитеатр фестивалнинг ёпилиш маросими учун муносиб совға бўлди.
Байрамона кайфиятда ўтган тадбирда бир қатор давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, дипломатик корпус вакиллари, пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, вилоят фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик сўзида муҳтарам Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан оддий гул байрами халқаро фестиваль даражасига кўтарилганини эътироф этиб, бу йилги фестиваль маъно ва мазмун жиҳатидан янада бойитилгани ва унинг самараси ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, гуллар шаҳри Наманганга хос бўлган халқаро фестиваль бу йил ўзгача ўтганини эътироф этди.
Дастур давомида 63-халқаро "Гуллар фестивали"нинг ғолиблари тақдирланади. Унга кўра;
"Энг яхши дизайн яратган гулчи" сифатида – Мубошер Қодиров эътироф этилди.
Бошқарма ва ташкилотлар ўртасида "Энг яхши ландшафт дизайни" номинацияси – Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғига насиб этди.
Ҳокимликлар ўртасида "Энг маънавиятга бой ландшафт дизайни" номинацияси бўйича Янги Наманган тумани ғолиб бўлди.
Уларга замонавий автомашиналарни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков тантанали равишда топширдилар.
Шунингдек, "Гуллар фестивали автопарадидаги фаол иштироки", "Энг яхши гул композицияси", "Миллий қадриятлар бўйича гулчилар сулоласи давомчиси", "Гуллар фестивалини ташкил этишдаги хизматлари учун" номинациялари бўйича ғолиблар ҳам пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон санъат усталари, таниқли хонандалар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Якунда Наманган осмонини ажойиб мушакбозлик безади.