Гул, гул! – деймиз, гул ўзи нима?

Беҳиштлардан мужда, унутма!

Оламаро тенгсиз мўъжиза,

Ҳар ғунчаси ҳайратли кўза.

Тафти нурин сочади қуёш,

Ранг бисотин очади қуёш.

Наманганда ҳар баҳору ёз

Милён диллар бўлар сарафроз.

Дарҳақиқат, "Гул сайли", "Гул байрами" ва ниҳоят "Гул фестивали" тадбирлари диёримиз донғини фақат мамлакатимизгагина эмас, айни вақтда бутун дунёга таратмоқда. Илк маросим ташкилланган йил менинг ўзим ҳам етти ёшдайдим. Бугун эса етмишда. Демак, 63 йиллик тарихга эга бўлди бу оммавий нафосат кўриги. Худди сиз билан биз каби йилдан-йилга улғайди, баркамоллик касб этди. Эндиликда халқаро тус олгани янада маъқулу манзур. Ахир илгарилари асосан водийдан, нари борса, пойтахту воҳадан меҳмонларни чорларди. Эндиликда унинг иштирокчи гулчилари ҳам кўпайди. Олис-олисдаги дўс­ту қадрдонларнинг мезбонига айланиб қолди Наманган ва наманганликлар.

Халқаро фестивалларнинг қимматли ва аҳамиятли томони улар кўпгина халқларни бир-бирига яқинлаштиради, дўстлаштиради. Бу галгисининг ўзгача кўламда ўтаётганини тасдиқловчи ҳолатлар бир талай. Улардан бири гуллар фестивалида Қирғиз, Корея, Озарбайжон, Хитой ва Ҳиндистон мамлакатлари учун ҳам махсус жой ажратилгани бўлди, десак асло янглишмаймиз.

Қирқ кунлик нафосат кўриги ва тантанаси бошланишидан то якунига қадар ғоят файзли, ғоят мароқли кечгани биргина халқаро эътирофдан ҳам маълум.

Кио Канеда, япониялик меҳмон:

– Бизнинг мамлакатдаги гуллар байрамига ўхшаш фестиваль Ўзбекистонда қандай ўтиши билан қизиққандик. Таассуротларимиз жуда бой. Очиғи, кўнглимизда ҳайрату ҳавас уйғотди. Ўйлайманки, юртингиздаги тинчлик ва фаровонлик туфайли бу каби кўтаринки кайфиятга, бу каби гўзаликка кучли меҳр-муҳаббат ҳукм суряпти. Асло кўз тегмасин!

Мени ҳамюрт сифатида беҳад қувонтирган ҳолат гуллар фестивалининг чинакам халқона сайл, сайру томоша тарзида қарийб олти ҳафта давом этгани бўлди. Кузатдимки, кундузлари ўз йўлигаю, ҳатто кечалари шаҳару қишлоқлардан оддий халқимиз фарзандларини ёнларига олишиб, турфа гуллардан файзу фароғатли оқшомлар завқини суришди. Айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истроҳат боғи исми жисмига мос масканга айлантириб юборилганини, "Афсоналар водийси"нинг афсонавий кўрку тароват касб этганини айт­майсизми. Бу ерга ҳам минг-минглаб халқ оқиб келаверди кундан-кун. Катта-кичикнинг танидан чарчоғини аритувчи, кўнгил чигилини ёзувчи дилдор масканга айланиб улгурди. Ҳар икки жойда бир ёнда табиат мўъжизалари бўлмиш гулларнинг минг бир жамоли, ҳусни-чиройи, бир ёнда ранго-ранг гулқиёфа чироқларнинг чарақлаган шуълалари сайрчиларнинг баҳру дилини яйраб-яшнатаверди. Ҳузур-ҳаловат топаётган халқимизнинг истиқлол ислоҳотлари самараларига ишончлари ортгандан ортди. Қаёққа боқсалар, кўз ўнгларида ажойиб гул композициялари намоёнлангани учун чеҳралари ҳам гўё гулдай очилди, лабларига мамнунликдан жилмайиш югурди. Янги Ўзбекистоннинг янги кунларига шоҳидликдан шукроналик туйғуларини туйишди.

Мен ҳам гулу гулзор Наманганимдан бир қаламкаш сифатида ҳамиша фахрланаман.

Суқланиб тураман,

Қошимда гулзор.

Кўзимда сузади

Қувонч кемаси.

Бир гул камаймади,

Лек олганим бор:

Кўнглимга тўлган завқ

Гуллар меваси!

 

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист.