Дарҳақиқат, доимий ҳаракатдаги, жисмонан бақувват ва тани сиҳат кишилар саломатлигида муаммо бўлмайди. Бунинг учун зарур жисмоний машқларни мунтазам бажариб бориш, айниқса, иложи борича узоқроқ масофага яёв юриш фойдадан холи эмас.
Вилоятимиз тиббиётчилари соғлом турмуш кечиришнинг муҳим шартлари бўлган ушбу талабларга риоя этишни оммага тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришмоқда. Ҳафтанинг белгиланган кунлари спорт-соғломлаштириш масканларига жамоавий тарзда қатнаш одат тусига кириб боряпти.
Шанба куни Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасини тўлдирган чиниқувчилар вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларининг вакиллари бўлишди. Эрта тонгда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жамоаси муассаса раҳбари Умиджон Муҳиддинов раҳбарлигида мажмуага жамланди. "Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам ташла!" шиори остида юриш машқлари биргаликда бажарилди.
Саломатлик эстафетасини Наманган шаҳридаги даволаш-профилактика муассасаларининг вакиллари давом эттиришди. Дастлаб кўп кишилик тиббиётчилар жисмоний тарбия машқларига чорланди. Кейин беш минг метр масофа бўйича пиёда юрилди. ШТБ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан спорт мусобақалари ўтказилди.
– Инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлашнинг, қолаверса, узоқ умр кўришнинг гарови соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этишдир. Бу эса олти асосий шартга амал қилишга асосланади. Яъни, тўғри овқатланиш, доимо ҳаракатда бўлиш, фаол кун тартиби, руҳий осойишталик, зарарли одатлардан тийилиш ва мароқли уйқу. Мазкур тиббий тадбир доирасида юқоридаги талабларга риоя этиш муҳимлигига эътибор қаратилмоқда, – дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти вилоят бўлинмаси раҳбари Дилором Маматхонова.
Абдулла ҒОЗИЕВ.