Вилоятимиз шифокорлари касбий маҳоратларини ошириш йўлида тинмай изланмоқдалар. Мамлакатимизнинг таниқли мутахассислари билан ҳамкорлик авж олаётгани бу борада ижобий натижалар бермоқда.

Айтиш мумкинки, бугун кўплаб турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиётлари хорижда ёки пойтахтда эмас, балки вилоятнинг ўзида ҳам муваффақиятли бажарилмокда. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали шифокорларининг изланишлари эътиборга моликдир.

Соғлиғи ёмонлашиб, айнан юрак соҳасидаги оғриқдан азобланаётган беморлар филиалда замонавий диагностик аппаратлар, яъни коронография текширувларидан ўтказилганда уларда юрак ишимик, сурункали юрак етишмовчилиги хасталиги аниқланган эди. Яқинда Тошкентдан келган кордиожарроҳ ва наманганлик мутахассислар биргаликда ўтказган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари туфайли беморлар оғир дарддан халос этилди. 2 соат давом этган аорта-коронар шунтлаш операцияси муваффақиятли якунланди.

– Маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорлигимиз ижобий самаралар бераётганидан мамнунмиз. Кардиожарроҳлик соҳасида ҳам изчил қадамлар ташланмоқда. Аввало беморларни соғломлаштиришга эришмоқдамиз. Қолаверса, наманганлик жарроҳларнинг касбий маҳорати ҳам ўсяпти. Умид қиламизки, бундай мураккаб амалиётларни филиал жарроҳлари мукаммал ўзлаштириб олишади,-дейди РШТЁИМ кардиохирургия бўлими раҳбари Абдусалом Абдураҳмонов.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида филиалда 2160 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Шундан 10 та юқори технологик операция илк бор йўлга қўйилди. Тез орада Наманганда яна ўнлаб турдаги жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилади.

Улуғбек СОБИТОВ.