26 ИЮНЬ – БУТУНЖАҲОН ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ
Гиёҳвандлик жаҳонда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Бугунги кунда бу бало чегара, ўлчов ва қиёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофати туфайли ер юзида кўплаб инсонлар соғлиғидан ажралмоқда, ҳаёт билан эрта видолашмоқда. Оилалар бузилиб, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда.
Бу оғу айниқса ёшларни ўз домига тортаётганлиги ташвишли. Хусусан, уларга олдинига шунчаки кўнгилхушлик, оддий қизиқиш, болаларча эрмакдек туюлади. Қизиқувчан ўғил-қизлар бир татиб кўришади, кейинчалик эса унга бутунлай ўрганиб қолишади. Уни топиш учун ҳар қандай ёмон ишлардан тап тортишмайди. Охир оқибат мудҳиш жиноят йўлига киришади. Мутахассисларнинг фикрича, одам гиёҳванд моддалар асирига айлангач, ўрта ҳисобда 5 йилдан ортиқ умр кўра олмас экан.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили ўртача 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан эрта кўз юмади. Шу билан бирга жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Гиёҳвандликка қарши курашишни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан "Наркотик моддалар тўғрисида"ги ҳамда "Психатроп моддалар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психатроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47Ғ112-сонли резолюциясига кўра, 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни деб белгиланган.
Фарзандларимизни гиёҳвандлик, кашандалик каби зарарли иллатлар домига тушиб қолишдан асраш муҳим ва долзарб вазифа эканлигини асло унутмайлик.
Муқаддас ҲАМРОҚУЛОВА,
Саида МАМАТВАЛИЕВА,
РИНИАТМ НМФ
ҳамширалари.