Чортоқ туманидаги Балиқкўл МФЙда аҳолининг муаммолари ва ижтимоий аҳволи ўрганилди.
Республика Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган фаолият давомида маҳалла аҳолисининг 400 нафардан ортиғи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тиббий кўрикка вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали мутахассислари, жумладан кардиолог, эндокринолог, акушер-гинеколог, невропатолог, уролог, хирург, фтизиатр, пулмонолог, педиатр, отолоринголог ва офтальмологлар билан бирга лаборатория таҳлиллари ва инструментал текширувлардан тўлиқ ўтказиш мақсадида УЗИ, ЭКГ ҳамда офтальмомобил ва маммограф автобуслари жалб қилинди.
Тиббий кўрик натижаларига кўра 201 кишида турли хилдаги касалликлар аниқланди. Уларни соғломлаштириш учун амбулатор ва стационар даво муолажалари тавсия қилинди. Жумладан, малакали мутахассислар тавсияларига кўра, 55 нафар стационар даво муолажалари буюрилган беморлардан 45 нафари туман, 8 нафари вилоят шифохоналарида ва 1 нафари эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида имтиёзли даволанишга йўналтирилди.
Шу билан бирга аҳоли орасида "Тўғри ва соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш" бўйича тарғибот ишлари олиб борилди. Соғлом овқатланиш ярмаркалари ташкил этилди. Жисмоний нофаол, ортиқча вазн бўйича 2-гуруҳга киритилган 150 нафар фуқарога мутахассислар томонидан тегишли тавсиялар берилди.
Барчиной АҲМЕДОВА,
ВССБ бош мутахассиси.