Мустақил мамлакатимиз олий таълим тизимида ҳам янгиланишлар сари муттасил дадил қадамлар ташланмоқда. Жумладан, ёшлардан билимдон ва малакали тиббиётчи кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи, Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияси 10-сон баёнининг 105-бандига биноан Наманган давлат университетида тиббиёт факультети очилганида ҳам яққол кўрамиз.

Дастлабки 2021-2022 ўқув йилининг ўзидаёқ даволаш йўналишига 59 нафар, педиатрия иши йўналишига 32 нафар ўғил-қиз талабаликка қабул қилинди. Факультетга Андижон давлат тиббиёт интитутининг таянч олийгоҳ этиб бириктирилиши айни муддао бўлди. Ўз вақтида кўрсатила бошланган ўқув-методик ёрдамлар туфайли тез орада муайян муваффақиятларга эришилди.

Айни маҳалда вилоятдаги илмий салоҳиятга эга ва юқори малакали тиббиёт ходимлари педагогик фаолиятга жалб этилди. "Тиббиёт" кафедрасида 21 нафар, "Физиология" кафедрасида 10 нафар профессор-ўқитувчилар жамоаси шакллантирилди. Уларнинг сифат таркиби ҳам анча юқори, яъни 2 нафари фан доктори, 8 нафари фан номзоди илмий даражасига эгадирлар.

Йилдан-йилга факультетдаги шароит ва имкониятлар кенга­йиб бораётгани янада қувонарли. Ҳозирда мавжуд бўлган уч босқичда 462 нафар талаба таҳсил олмоқда. Дарс машғулотлари замонавий талаблар асосида, ахборот-коммуникацион технологиялардан самарали фойдаланилган ҳолда ташкилланмоқда. Шунингдек, талабалар учун зарур рисолалар, дарслик ва ўқув қўлланмалари муҳайё. Тиббиётга доир китоблар тобора кўпроқ келтирилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 248,4 миллион сўмлик ўқув адабиётлари ҳарид қилинди. Эндиликда 702 нусха босма ва 7800 нусхадан зиёд электрон ўқув адабиёти кутубхонамизда мавжуд.

Биз талабаларга пухта билим бериш билан бирга уларда устозлардан олган сабоқларини амалиётда қўллаш малакасини ҳосил қилишга ҳам етарли шароит ва имкониятлар яратмоқдамиз. Уларнинг клиник амалиётлари вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилмоқда. Айниқса, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Наманган шаҳар болалар шифохонаси, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 1-шифохонаси, шунинг­дек, "Ойдин шифо", "Анамед", "Доктор-А" каби хусусий клиникалар жамоалари билан ҳамкорлигимиз мустаҳкам.

Университетимиз ва факультетимизнинг халқаро алоқалари тобора ривожланмоқда. Чунончи, жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари университетимиз делегациясининг Туркия давлати Яқин шарқ техника университетига ташрифи доирасида истиқболли ҳамкорликка эришилди.

Ўзаро талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг биргаликда малакасини оширишни ташкиллаш бўйича шарт­номалар тузилди.

Ҳозирда янги 2024-2025 ўқув йилида тиббиёт факультетимизда ҳиндистонлик талабалар ҳам таҳсил олишларини таъминлаш бўйича тайёргарлик ишларини қизғин олиб бормоқдамиз. Бу ғоят муҳим қадам ҳисобланади. Халқаро ҳамкорлик, хорижий талабаларнинг факультетимизда ўқиши университетимиз рейтингини ошириши шубҳасиз.

Қ. ИНОМОВ,

Наманган давлат университети "Тиббиёт" кафедраси доценти

вазифасини вақтинча бажарувчи.