Соҳага кириб келишимда таниқли адиб Абдулла Жалил муҳим роль ўйнаганлигини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Мактабда ўқиб юрган пайтларим эди. 9 "а" ва 9 "б" синф ўқувчилари ўртасида "Ўткир зеҳнлилар мушоираси" ўтказилди. Шу янгиликни ёритиш мақсадида кичик хабар ёзиб, "Машъал" (ҳозирги "Давр") газетаси таҳририятига юбордим. Мақола тез орада босилиб чиқди. Мана шу хабар тақдиримни бутунлай ўзгартириб юборди, десам муболаға эмас. Чунки, аввал ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилгандим.
Бу касбга иштиёқ уйғотишда Абдулла аканинг хизмати чиндан ҳам беқиёс. Олийгоҳни кечагина тамомлаган таҳририят адабий ходими ўз вазифасини бажариш билан бирга ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам вақт топиши осон бўлмагандир. Чунки, ҳали ғўр, ҳатто хабар ёзишни ҳам эплай олмайдиган мактаб ўқувчисини заҳматли касбга йўллаш, унда келажакда зўр журналист бўлишга ишонч уйғотиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, ахир.
Ўшанда менга ўхшаганлар жуда кўп эди. Ҳар гал таҳририятга мақола кўтариб борганимда, вақт топиб суҳбатлашар, зарур тавсиялар беришдан чарчамасди. Бизга эса газетада чоп этилган ҳар бир мақола ўзгача завқ, мотивация ато этганлигини сўз билан ифодалаш қийин.
Орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди. Сиртдан бўлса ҳам Тошкент давлат университети журналистика факультетида ўқиб олдим. Вилоят радиосида, республика телевидениесида, газеталар таҳририятларида ишладим. Абдулла ака билан устоз-шогирд мақомидаги дўстона алоқаларимиз, ижодий ҳамкорлигимиз йиллар сайин мустаҳкамланиб борди. Устоздан кўп меҳр кўрдим, қимматли маслаҳатлар олдим.
Бугун жуда кўп эслайман Абдулла акани. Чунки меҳри дарё инсон изидан бориб кам бўлмадим. Ёшлар келажагига умид билан қараш, уларни қўллаб-қувватлаш жуда-жуда муҳимлигини устоз тимсолида яққол кўрдим.
Абдулла ака ҳаётларининг сўнгги дақиқларигача маслаҳатгўй ва маддадкорлик мақомини аъло даражада уддаладилар. Вафотларидан бир неча кун аввал "Турон" фанлар академияси Ҳайъат йиғилишида иштирок этиб, номзодимни ҳар томонлама ҳимоя қилиб, академик мартабасига эришишимга хайрихоҳлик қилган эдилар. Охиратлари обод бўлсин!
Бугун мен учун ғоят қадрли бўлган "Давр" вилоятдаги етакчи газеталардан бири. Айни пайтда таҳририятни бошқараётган иқтидорли ижодкор Зоҳида Кенжаева кўп йиллик анъаналарнинг изчил давомчисидир. Нашр ҳар жиҳатдан такомиллашиб, мазмундор ва оммабоп газетага айланган.
Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида шу даражага етишимда Абдулла ака каби таниқли ва тажрибали журналистларнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини асло ёддан чиқармайман. Ўз даврида мамлакат миқёсида танилган соҳанинг атоқли намояндалари, кўп йиллик самарали хизматлари учун фахрий унвон, орден ва медаллар кўксини безаган Иброҳимжон Юсупов, Йўлдош Эгамбердиев, Ғуломжон Акбаровлар газетачиликда, Обиджон Жуманазаров, Носиржон Жўрабоевлар радио соҳасида, Хайрулло Мурашев, Дилдора Аҳмедовалар телевидение йўналишида камол топишимда хизмати сингган устозларимдир. Шу ўринда Ҳасан ака Ҳайдаровни ҳам эслашим лозим. Фотожурналистикадаги юксак иқтидор, касбий маҳоратини нафақат республика, балки хорижда ҳам намоён қилган буюк истеъдод соҳибидан олган сабоқларим ҳамон асқотмоқда.
Айни пайтда ҳозирги давр адабиёти ва журналистикасининг етук вакили Содиқ Сайҳун билан бир сафда хизмат қилаётганимдан бахтиёрман. Айниқса, болаликда шу касбга қизиқиш уйғотган ва ўз ортидан эргаштирган ҳамқишлоғимиз, Тўрақўрғондаги биринчи дипломли журналист, меҳнат фахрийси Ҳамид ака Фозиловдан эса бир умр миннатдорман. Ўз навбатида қимматли маслаҳатлари ва амалий мадади билан ҳар томонлама қўллаган таниқли журналист, серқирра ижодкор Нурбек ака Абдуллаевдан ҳамиша мамнунман.
Устозлар қаршисида доимо таъзимдаман. Агар улар ярим аср муқаддам эртанги кунимга ишонишмаганида, машаққатларни сабр-тоқат ва бардош билан енгиб ўтишга руҳлантиришмаганида, фаолиятнинг турли даврларида қўллаб-қувватлашмаганида билмадим қайси касб соҳиби бўлардим. Ёшларга ўз иқтидорини юзага чиқариши учун далда, зарур маслаҳат бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш қанчалар муҳимлигига яққол аминман. Бу қоида эса бугун фаолиятим мезонига айланган.
Абдулла ҒОЗИЕВ.