Тиббиётнинг муҳим тармоқларидан бири тез тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Унинг қанчалар самарали ва сифатли фаолият юритиши инсон саломатлигини сақлаш натижадорлигини ошириш имконини беради. Президентимизнинг 2022 йил 16 июнда қабул қилинган "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-283-сонли қарорида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши баробарида соҳа ишини янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун ташкилланган навбатдаги пресс-турда Наманганда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар билан таништирилди. Ижодкорлар дастлаб Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиалида бўлиб, узлуксиз ишлайдган хизмат кўрсатиш инфратузилмасини кўздан кечирдилар. Call-марказ, Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам маркази ва иншоотлари, автомобиль парки ҳақида тасаввурга эга бўлдилар.
РШТЁИМ Наманган филиали мажлислар залида кечган анжуманда РТТЁМ Наманган филали масъуллари журналист ва блогерларга вилоятда тез тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг фаолияти хусусида маълумот бердилар. Филиал раҳбари Адҳамжон Ирисбоевнинг таъкидлашича, соҳани янада ривожлантириш диққат марказида. Жумладан, 1 та тез тиббий ёрдам станцияси, 15 та шохобча ва 129 та постлар ташкилланган. Айни пайтда 234 та тез тиббий ёрдам бригадаси кечасию кундузи эл хизматида.
Автомобиль паркини жаҳон андозаларидаги транспорт воситалари билан тўлдириш устида изчил иш олиб борилмоқда. Илгариги DAMASлар ўрнини бирин-кетин энг замонавий хорижий автомашиналар эгалламоқда. Пировардида чақирувлар бўйича тезкор тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ўсмоқда.
Анжуман давомида истиқболдаги режалар юзасидан ҳам маълумот берилди. Қайд қилинганидек, тез тиббий ёрдам бригадалари ишини тубдан яхшилаш борасида изланилмоқда. Вилоят кардиология маркази билан масофавий диагностикани йўлга қўйиш режалаштирилган. ХХРнинг Citis компанияси билан ҳамкорликда Саll-марказ барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан батафсил жавоблар олишди. Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, кадрлар малакасини ошириш, фаолият доирасини кенгайтириш, 112 хизмати билан интеграциялашув, муаммоли вазиятларни бартараф этиш кабилар шулар жумласидандир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.