Мен бобом ва бувижонимнинг тўнғич набирасиман. Шу боис ҳам улар мени ер-у-кўкка ишонмасдан авайлаб-асраб улғайтирди. Айниқса, бобомнинг меҳри-муҳаббати бошқача . Уй-рўзғор, томорқа, чорва, парранда, асалари парваришларидан ортиб, юракдан суҳбатлашишга доимо вақт топади. Бобомнинг тунлари ижод қилишига ҳавасим келади. Улғайсам, улар каби инсон бўламан, деб ўзимга-ўзим пичирлаб ҳам қўярдим, гоҳ-гоҳида.

Яна менга уларнинг ота-она, ака-сингил, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларга бўлган муносабатлари маъқул келади. Ҳар куни тонгда ота ҳовлига келиб, падарибузруги ва волидасидан дуо олмасдан ишга жўнамас эди-да. Яқинлари оғриб қолса, ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокорга кўсатиб, даволаниши учун қайғуришдан эринмасди. Тўй-тўноқларда бош-қош бўлишликни энг маъқул фазилатлардан бири, деб ҳисоблайди.

Касбига шунчалик меҳр қўйганки, керак бўлса жамоаси, ташкилотдаги муаммоларни ҳал қилиш учун билиму куч-ғайратини асло аямайди. Доимо изланиб, Президентимиз талаб этаётганларидек, "натижадорликка эришишга" ҳаракат қиларди. Шу боис ҳам барча соҳаларда эътирофу муваффақиятлар бобомга ёр бўлаверади.

Бизга ҳикоя қилишларича, ёшликларида юқори ташкилотларда ишлашга кўп марта таклиф этилганига қарамай, узоққа кетишга кўнгиллари чопмаган. Энг аввало, ота-онасининг дуосини олишни, киндик қони тўкилган жойда қолишни афзал кўрган экан.

Норин тумани партия қўмитасида, вилоят телерадиокомпаниясида ҳам ўзининг ташкилотчилигини, серқирра ижод эгасилигини намоён этган. Ниҳоят туман газетасига муҳаррирлик қилган. Эшиттириш, кўрсатувлари, мақолалари республика танловларида юқори баҳоланган.

Мен ҳозир амалиёт ўтаётган газета ҳам бир вақтлар республика даражасида танилишида бобомнинг ҳиссаси катта бўлган. Унга "Норин овози"деб ном берилиши, А-3 форматда 8 саҳифада чоп этилиши, мамлакат миқёсидаги танловларда ғолиб нашрлар қаторидан ўрин олиши 15 йил мобайнида унинг муҳаррири бўлган бобом ва аҳил жамоаси аъзоларининг заҳматли меҳнати самараси эди, албатта. Улар, мен туман газетаси муҳаррирман, деб қўл қовуштириб турмаган эканлар. Саккиз саҳифанинг тенг ярмини мақола билан тўлғазиш, фотомухбирлик, вилоят телевидениесининг тумандаги мухбири, маънавий-маърифий масалалар бўйича ҳоким котиби сифатида иш юритиб, кўпчиликка танилиш осон эмасди. Ҳаққул­обод шаҳридаги қаровсиз қолган масжид ўрнида пойтахтдаги "Шаҳидлар хотираси" музейи андозаси асосида маънавият масканини барпо этишда ҳам фидойилик қилгани ҳақида ҳам кўп эшитганман.

Дўмар маҳалласида яшовчи ҳамкасби Валижон Тўйчиевнинг ҳикоя қилишича, давр тақозоси билан колхоз, ММТПларга катта вакил сифатида юборилган чоғида сидқидилдан иш юритган. Ҳатто бир муддат Аъзамжон Шамсиддинов номли жамоа хўжалигига раислик ҳам қилган экан. Туманнинг собиқ ҳокими Ўктамжон Эргашев Нориннинг бугунги ривожида кўплаб фидойи инсонлар қатори бобомнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини кўп бор таъкидлайди.

– Айниқса, томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича ҳудудда тарғибот ишлари, амалий семинарлар ўтказилиши, кўпминг нусхадаги "Излаганга имкон кўп" тавсиявий китобни тайёрлаб, тарқатилиши туманда кескин бурилиш ясади. Қишлоқларда шалғом, картошка, булғор қалампири, карам, қулупнай, помидор, кўчатлар етиштиришга ихтисослаштирилган маҳаллалар шаклланди, – дейди Ў. Эргашев.

Бобом вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи, республика "Қишлоқ ҳаёти"газетасининг вилоятдаги мухбири вазифасида ҳам доим олға интилиб ишлашни мақсад қилди. Халқимиз учун энг оғир, синовлар йили бўлган коронавирус пандемияси даврида Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Қўмитасининг вилоят бошқармасида Ахборот хизмати раҳбари сифатида ҳам жасорат кўрсатиб ишлашдан чўчимади. Ҳамкасблари айтишларича, яқинда ўтказилган Қўмитанинг селектор йиғилишида раис ўринбосари Нурмат Атабеков томонидан бобомнинг ибратли фаолияти бошқа вилоятларга намуна килиб кўрсатилибди.

Тўғриси, мен кўплаб шеър, кўшиқлар ижодкори, таниқли журналист, шоир, публицист, тарғиботчи, меҳнаткаш ва меҳрибон инсон, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби – бобом Равшанбек Мирзаолимов билан ҳақли равишда фахрланаман. Уларни касб байрами билан муборакбод этаман. Ижодларига янада баркамолик, мустаҳкам соғлик тилайман. Келажакда уларга ўхшаган адабиётга меҳр қўйган филолог ва серқирра ижодкор бўлиш орзуимдир.

Дилдора НЕЪМАТЖОНОВА,

Наманган давлат университети филология факультетининг

3-босқич талабаси.