Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Уйчи туманидаги ўрганишлари давомида "Мевазор" МФЙ аҳоли вакилларининг мурожаатларини тинглади.
Маҳалла ҳудудидаги собиқ қишлоқ врачлик пункти тизимдаги оптимизация боис 2016 йилда фаолиятини тўхтатган эди. "Мевазор"ликлар ҳозирда 5 километр узоқликда жойлашган оилавий шифокорлик пунктига қатнаб, сифатли тиббий хизмат олишга қийналишаётганини айтишди.
Вилоят раҳбари ҳолат билан жойида батафсил танишиб, шу ернинг ўзида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Унга кўра бир кун ичида маҳалла марказига тиббий хизмат учун мослаштирилган кўчма контейнер ўрнатилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бошланадиган бўлди. Шунинг баробарида фойдаланилмай турган собиқ ҚВП биноси ҳам таъмирланиб, ишга тушириш чоралари кўрилади.
Маҳалла нуронийлари муаммо ҳал бўлгани учун миннатдорлик билдириб, дуога қўл очдилар.