Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали жамоасининг вакиллари РШТЁИМ Наманган филиалининг катта мажлислар залига тўпланишди. Йиғилишда шаҳар ва туманлар тез тиббий ёрдам бўлимлари мудирлари, катта фельдшерлари, врачлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, ҳайдовчилари ҳозир бўлишди.
РТТЁМ Наманган филиали директори Адҳамжон Ирисбоев йиғилишни қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Дастлаб кун тартибига қўйилган биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июндаги "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-283-сонли Қарорини бажариш бўйича олиб борилаётган фаолият ҳақида директорнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Икромжон Тошпўлатов маъруза қилди. Сўнгра давлат тадбирларидан бошқа тадбирларга тез тиббий ёрдам бригадаларини пуллик шартнома асосида жалб қилиш тизими хусусида директор ўринбосари Аъзамжон Муродов зарур тушунчалар берди.
Шундан кейин 2024 йилнинг беш ойи мобайнида санитар автомашиналари ҳайдовчилари томонидан содир этилган қоидабузарликлар муҳокамасига ўтилди. Бу борадаги мавжуд салбий ҳолат ҳақида филиалнинг ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси Равшанжон Иброҳимовнинг ахбороти тингланди. Мазкур долзарб масала муҳокамаси бўйича вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, майор Ботиржон Боймирзаев ҳамда техника назорати бўлими катта инспектори, катта лейтенант Мўйдинжон Еттибоевлар сўзга чиқишди. Улар йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини таҳлил қилишди, тез тиббий ёрдам машиналари ҳайдовчилари саволларига тегишли жавоблар қайтаришди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Наманган вилоятидаги меҳнат-техника муҳофазаси инспектори Садриддин Ғойипов ўз маърузасида барча хизматчилар амалдаги қонунлар доирасида фаолият юритиши зарурлигини уқтирар экан, у йиғилганларнинг диққат-эътиборини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 199-моддаси талабларига қаратди.
Йиғилишда директорнинг шаҳар ва туманлар станциялари билан ишлаш бўйича ўринбосари Санжарбек Турдиев томонидан 2024 йилнинг 1 июлидан навбатчилик иш вақти меъёри 12 соат бўлишини таъминлаш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланди. Ана ўшанда беморларга тез тиббий ёрдамни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш чоғида кутилмаган кўнгилсизликларга чек қўйилиши мумкинлиги жамоаларнинг вакилларига яна бир бор атрофлича тушунтирилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан қабул қилинган қарорда халққа тез тиббий хизмат кўрсатишдаги мавжуд муаммоларни зудлик билан тугатишга қаратилган муҳим вазифалар ўз аксини топди.