Соҳа вакиллари малакасини муттасил ошириб бориш даволаш ишлари самарадорлигини ўстиришда муҳим омилдир. Айни кунларда вилоятимиздаги қатор ихтисослаштирилган даволаш муассасаларида пойтахтдан келган тажрибали мутахассислар томонидан шифокорлар тажрибасини бойитишга йўналтирилган ўқувлар ўтказилмоқда. Жумладан, шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган эндокринологлар ҳам қисқа муддатли ўқув курсига сафарбар этилди.
Вилоят эндокринология шифохонасида кечган машғулотларда қандли диабетни самарали даволаш ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вакили Анна Валерьевна Алиева илмий маърузаларида "Диабет асослари", "Қандли диабетда овқатланиш тамойиллари" каби мавзулар юзасидан фикр юритилди.
– Илмий-тадқиқотлар натижасида касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ишларини ташкил этишда янгича ёндошувлар юзага чиқмоқда. Маҳаллий шифокорларнинг тиббиёт соҳасидаги фан ютуқларидан бохабар бўлиши фаолият натижадорлигини таъминлашда, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бағоят қўл келади. Ўқув жараёнинида мана шу жиҳатларга устувор аҳамият берилмоқда, – дейди Анна Алиева.