Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган ҳудудий филиалига ушбу марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек Сабиров раҳбарлигидаги гуруҳ ташриф буюрди.

Марказ директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Нурали Боймурзаев, олий тоифали шифокор Акмал Бурҳонов, врач-лаборант Маъруф Мақсудовлар беморларни навбатма-нав­бат қабул қилишди.

– Мен Норин туманиданман. Бир ойки юзларим терисидаги салбий ўзгаришлардан озор чекардим, – дейди Абдураҳмон Шералиев. – Яхшиям келганим, юқори малакали мутахассислар кўригидан ўтдим. Зарур муолажалар буюришди. Узоғим яқин бўлди.

Пойтахтдан ташриф буюрган гуруҳ тушдан сўнг ўз фаолиятини вилоятимиз туманларида амалга оширди. Бу хайр­ли тадбир яна тўрт кун давом этди.

Гуруҳ ҳамкасблари учун семинар ва маҳорат дарслари ҳам ташкиллади. Унда наманганлик мутахассислар ўз тажриба ва маҳоратларини янада бойитдилар.