Давлатобод туманидаги Болалар шифохонасида матбуот анжумани ўтказилди. Унга вилоятимиздаги матбуот нашрлари, ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган журналист ва блогерлар таклиф этилди.
Президентимизнинг шу йил 21 майда қабул қилинган "Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-183-сонли қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар юзасидан фикр юритилди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов оналик ва болалик муҳофазаси, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги хайрли ишлар ҳақида маълумот берди. Давлатимиз раҳбари имзолаган қарор ижроси боис келажагимиз ворисларига кўрсатилаётган онкологик, гематологик ва иммунологик хизматни янада яхшилаш чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинди.
Анжуманда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини реконструкция қилишнинг бориши, болалар саломатлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам фикр юритилди. Татбиқ этилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, республика болалар тиббиёти марказлари билан ҳамкорлик самаралари айтиб ўтилди.
Мулоқот чоғида журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга тўлақонли жавоблар олишди.