Абдумалик РАҲМОНОВ,

вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори.

Мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказиш устувор вазифалардан бири саналади. Шу боис чақалоқ дунёга келган кунидан то улғайгунча ғамхўрликлар оғушида бўлади. Фар­занд­ларимизнинг баркамол ривожланиши, комил инсон сифатида шаклланишида, албатта, тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Кейинги йилларда ўғил-қизларимиз саломатлигини сақлаш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, оналик ва болалик муҳофазаси, бемор болаларни соғломлаштириш ишлари кўлами ортиб бораётир.

Марказимизда ҳам гематология ва онкология хизматлари кўрсатишни янада яхшилаш борасида изчил иш олиб борилмоқда. 30 ўринли болалар гематологияси бўлимда 10 ўринли болалар онкологияси учун хоналар ҳам ажратиб қўйилган. Шунингдек, ташхис қўйиш ва маслаҳат бериш поликлиникасида гематология хонаси очилган. Ҳозир бўлимда уч нафар мутахассис фаолият олиб боради. Жорий йилнинг биринчи чорагида салкам минг нафардан зиёд бемор болаларга амбулатор ва стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатилди.

Президентимизнинг шу йил 21 майда қабул қилинган "Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-183-сонли қарори бу йўналишдаги ишларни янада юксалтириш имконини беради.

Қарорга кўра, қуйидагилар болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди, жумладан:

2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш;

гемопоэтик ўзак ҳужайралари ва суяк кўмиги ҳужайраларини трансплантация қилишни ривожлантириш;

бемор болаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш кўзда тутилган.

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммуно­логия­си маркази Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта номланди.

Марказ ҳузурида Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди.

2024 йил 1 июлдан онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар белгиланган тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунинг­дек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга астойдил киришдик. Аввало, онкогематологик касалликларга чалинган болаларни даволаш ишлари сифатини янада яхшилаш устида изланмоқдамиз. Бу ўринда хасталикларни эрта босқичларда аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Юқори технологик жарроҳлик амалиётлари воситасида беморларни соғломлаштиришга алоҳида урғу берилмоқда. Жумладан, спленоэктомия, суяк фиброз дисплазия касалликларида коллофам пластика амалиётлари йўлга қўйилган. Оммавий ва селектив скринингдан ўтказиш кўлами ортмоқда.

Шу билан бирга кадрлар салоҳиятини юксалтириш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Онкогематологик хасталикларни эрта ва тўғри ташхислашни йўлга қўйиш мақсадида цитогенетика, молекуляр генетика текширув усуллари тарғиботига бағишланган ўқув курслари муттасил ўтказиб келинмоқда.