Бугун Мингбулоқ туман далаларининг файзи ўзгача. Боиси, фермер-деҳқонлари ҳалол тер тўкишган кузгача. Бағри саховатга тўлиб-тошган пайкаллардаги ҳашарчилар қалбида пахтадан бош кўтармай, бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан кўпроқ териш иштиёқи жўш урмоқда. Биз Дамкўл ҳудудидаги "Шерзод" фермер хўжалиги пахтазорларини айланганимизда шуни яққол сездик. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалидан келган кўмакчиларнинг ғайрат-шижоати туфайли дала четидаги иккита прицеп-тележка тушликкачаёқ "оқ олтин"га лиқ тўлғазилибди.
- Кечга қадар яна шунча терилади, - дейди 2-отряд ҳисобчиси Хайрулло Охунжанов. - Жамоамизда юз килочилар сафи тобора кенгайяпти. Ҳамида Умарова, Эътибор Жўраева, Маҳбуба Жалилова, Марҳабо Каримова, Шоҳиста Набижоновалар икки беш кунликда энг юқори кўрсаткичга эришдилар. Уларнинг ҳар бири меҳнатига яраша рағбатга сазовор бўлдилар. Илғорларимиз ўрнаги бошқа сафдошлариниям чаққон ҳаракат қилишга руҳлантирмоқда.
Нафақат шу ерда, балки "Зарбулоқ", "Ҳамрохон опа Қурбонова", "Расулжон", "Насиба ҳожи Жамолиддин қизи" фермер хўжалиги далаларидаги йиғим-теримнинг суръати-ю, сифати кундан-кунга юқорилаётганининг шоҳиди бўлдик. Махсус тиббий таъминот базаси, вилоят онкология диспансери, руҳий-асаб касалликлари шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали вакиллариям ҳудуддаги ҳосилни тезроқ териб олишда яқиндан ёрдам беришаётгани учун фермерлар хирмонига тобора барака кирмоқда.
Ҳозирда ҳам қатнаб, ҳам ўша ернинг ўзида ётиб қолиб, умумхалқ ҳашарининг фаол иштирокчиларига айланишган тиббиёт ходимларига қулай иш ва дам олиш шароитлари яратиш "Пахта штаби" томонидан яхши ташкилланган ва қатъий назоратга олинган. Шу туфайли кундузлари пахтазорда доимий меҳнат кўтаринкилиги ҳукмрон.
Оқшомлари эса маданий-маърифий тадбирлардан файзиёб. Биргина ўтган якшанбадаги мароқли лаҳзалар барча-барчанинг кўнглини яйратди, танасини чарчоқдан фориғлади. Қалбида Ватан бойлигини ўз вақтида саранжомлаб олишдек эзгу ишдан фахрланиш туйғусини ғоят кучайтирди.
Дамкўл қишлоғидаги 27-умумтаълим мактабининг ҳовлиси кечки пайт ҳашарчилар билан тўлди. Вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари жамоаларига ажратилган совғалар билан ташриф буюришган бўлса, ҳашардаги энг илғор хизматчилар теримдан сўнг қатор-қатор "Дамас"ларда тантанали тақдирлаш тадбирига ошиқишди.
Мароқли лаҳзаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари - вилоят ҳокими Баҳодир Юсупов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Носиржон Қаюмов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар долзарб мавсумнинг марду майдонлари билан бирга баҳам кўришди. Вилоят даволаш профилактика муассасаларининг терим илғорларига Фахрий ёрлиғу ташаккурномаларни, қимматбаҳо совғаларни олқиш қарсакларию ҳамда мусиқа садолари остида тантанали равишда топширишди. Мукофотланганлар қаторида вилоят кардиология маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, силга қарши кураш, онкология, наркология диспансерлари, руҳий-асаб касалликлари шифохонаси, Бешкапа болалар ревматология сиҳатгоҳи каби яна бир неча жамоаларнинг толмасбилак қиз-жувонлари бор эдилар.
- Юздан зиёд ходимларимиз мингбулоқлик фермерларга катта хирмон уюшларида камарбаста бўлишяпти, - деди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази касаба уюшма қўмитаси раиси Раҳимжон Абдуллаев. - Кўпчилик олдида илғорларимиз шарафланди. Дилдора Алтоева, Муҳайё Олимова, Қаноат Усмонова, Саида Эргашева, Муқаддас Усмонова сингари 25 нафар мусобақа ғолибларига мукофотлар тарқатдик. Уларнинг кайфиятлари беҳад кўтарилди. Албатта, бу терим суратининг тобора ошишига самарали таъсирини кўрсатади.
- Ходимларимиз умумхалқ ҳашарида пешқадам бўлиш учун интилмоқдалар,-деди болалар ревматология сиҳатгоҳи бош враxи Саломатхон Арзиматова. -Бугун беш кунлик илғорларини Фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирладик. Бу рағбатимизнинг бошланиши, холос. Энди изчил давом эттираверамиз. Вилоятимиз хирмонига баракали ҳиссамиз қўшишилишини таъминлаймиз.
Оқшомнинг файзига янада файз қўшиш учун вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озодахон Усмонова раҳбарлигида келган санъаткорлар ҳашарчиларнинг кўнгилларини шўх куйларию дилрабо қўшиқлари билан хушнудлашди. Дониёрбек Ҳабибуллаев, Умиджон Мамадалиев, Шавкат Бекбоевларнинг ёқимли ашулаларидан диллар яйради. Энг эсда қоларлиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар- Тошкентдан Самандар Ҳамроқулов ва Қўқондан Яҳёбек Мўминовларнинг кутилмаганда даврага кириб келишлари бўлди. Ҳамманинг ҳаяжонли олқишлари, давомли қарсаклари ҳар икки санъаткорни ғоят илҳомлантириб юборди. Дилтортар қўшиқлар қўшиқларга уланиб кетаверди.
Оҳ-оҳ-оҳ, дилдор гўзал,
Оҳ-оҳ-оҳ, хумор гўзал.
Бахтлиман дунёда, чунки
Ёнимда сен бор гўзал.
Яҳёбекнинг ёқимли овози авжланганда ҳашарчилар беихтиёр даврани тўлдириб,роса маза қилиб ўйинга тушишди, яйраб -яшнашди. Барчанинг завқига завқ қўшилди.
Яхши дам-меҳнатга ҳамдам, деганларидек йиғим-теримдаги тиббиётчиларнинг кунлик уяётган хирмон кўрсаткичлари тобора ортгандан ортиб бормоқда. Ахир сийланган жойда азизлигини ҳис этиш кишига ҳамиша ўзгача куч-қувват, ўзгача ғайрат-шижоат бағишлайди-да!..
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист.