Вилоятимиз марказида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган яна бир хайрли акция ташкилланди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!" шиори остида саломатлик тадбири амалга оширилди.

Гулларга бурканган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳовлиси эрталабданоқ соғлиғида муаммоси бор кишилар билан гавжумлашди. Дардига даво истаб келган инсонларнинг дили атрофдаги ям-яшил манзарали дарахтлар, чаман бўлиб очилган гулларни кўриб жуда яйради. Ҳовлидаги "Соғлом овқатланиш" кўргазмасидаги ноз-неъматлар атрофида кечган суҳбатлар эса уларнинг саломатлик ҳақидаги тушунчаларини янада бойитди.

Аҳоли вакиллари кейинги босқичда лаборатория, консультатив-диагностика бўлимларига чорланди. Бу ерда ташриф буюрувчилар учун терапевт, жарроҳ, эндокринолог, кардиолог, онколог, фтизиатр ва бошқа мутахассислар қабули ташкил этилди. Фуқарорлар касаллик турларига қараб, УЗИ, УТТ, ФЭГДС ва бошқа текширувларга йўналтирилди.

– Жарроҳлик амалиёти олдидан қатор тиббий кўрикларидан ўтдим. Мутахассис шифокорларнинг тегишли маслаҳатларини олдим. Яратилган қулайликдан ғоят мамнунмиз, – деди Воҳиджон ота Умаров.

– Отахонни безовта қилаётган хасталик бўйича тиббий текширув олиб борилди. Чап ёрғоқ чурраси мавжуд экан. Яқин кунларда жарроҳлик амалиёти ўтказиб, соғломлаштирамиз, – дейди хирург Акмалжон Ортиқов.

Шу куни акция боис кўплаб кишилар саломатлиги янада мустаҳкамланди.