Дунё аҳли айтмоқда "Жаннатмисол Наманган!"
Янги Ўзбекистоннинг юзида хол, Наманган,
Башарятнинг сен ҳақда тилида бол, Наманган,
Эзгуликдан топдинг сен бахт-безавол Наманган!
Ҳа, бугун Наманган дунё аҳлининг эътиборида. Бу муаззам ва навқирон гўшанинг касби, ёши, мақеидан қатъий назар жамики инсонларнинг улуғ мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб, 63 йилдан буён амалга ошириб келаётган анъаналари ана шундай шарафга муяссар этди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳар куни юртдошларимиз, қардошларимиз ва олис ўлкалардан ташриф буюраётган гўзаллик шайдолари, эзгулик ошнолари билан гавжум. Улар рангоранг гуллардан иборат ҳайратбахш манзаралар, сайру саёҳатлари мароқли ўтиши учун ташкил этилган жаҳон андозаларидаги хизматлардан мамнуният билан баҳраманд бўлмоқдалар.
Бу ўринда боққа қадам ранжида қилувчи минг-минглаб одамлар саломатлигини сақлашдек энг хайрли мақсадда кечаю-кундуз ёрдамга шай тиббиёт ходимлари фидойиликлари ҳам эътирофга лойиқ. Халқаро байрам кунлари давомида иштирокчилар соғлиги муҳофазасини таъминлаш юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасдиқлаган жадвалга биноан истироҳатгоҳнинг шимолий ва жанубий дарвозаларида тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилган.
– 24 соатлик иш тартиби жорий қилинган, – дейди "Тез тиббий ёрдам" бригадаси врачи Дилбархон Ҳакимова. – Биз масъул бўлган нуқтада айни вақтда мен, фельдшер Комилахон Хушназарова, махсус автомобиль ҳайдовчиси Акрамжон Қодиров хизмат бурчимизни адо этяпмиз. Кунига 30 нафаргача фуқарога тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келяпти. Биласизми, айниқса, катта ёшлиларда кунлик маромнинг бирдан ўзгариши, кучли ҳаяжонланиш, жисмоний чарчоқ каби омиллар кимгадир бирдан таъсир қилиб қолади. Мурожаат қилувчиларимизнинг яна бир тоифаси болажонлар. Уларда иситма, ҳазм органлари бузилиши учраяпти. "Амбуланс"имизда биринчи ёрдамга тааллуқли 62 хил дори бор, 20 тадан ортиқ тиббий жиҳозлар мавжуд. Биз саломатлик посбонлари вилоятимизгина эмас, Янги Ўзбекистон нуфузини янада кўтаришга хизмат қиладиган Халқаро гуллар фестивали юксак даражада ўтишига муносиб ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз.
Суҳбатимиз жараёнида телефон орқали марказий йўлак охиридаги ўриндиққа чақирув бўлди. Кейин билсам, тиббиётчилар ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ходимлари, волонтёр йигит-қизлар билан узвий алоқада иш олиб боришга келишиб олишган экан. Улар қаерда тоби қочган кишини кўришса, ё шимолий, ё жанубий дарвозадаги тиббий бригадаларга хабар йўллашади. Бу зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатиб, фуқаро саломатлигини яхшилашда катта роль ўйнаяпти. Дилбархон бригадаси йўлак охиридаги ўриндиқда яқинлари қуршовида ўтирган онахон ҳолатини дарҳол текширишди. Қон босими кўтарилиб, боши айланибди. Шифокорлар керакли дори-дармон ичирдилар. Қон босимини туширувчи муолажаларни қилдилар. Ҳамроҳларига онахонни қандай эҳтиётлашни тайинлаб, эҳтиёж туғилса чақириш учун телефон рақамигача беришди. Онахон ўзига келиб, қўлларини дуога очди:
– Халқимизнинг байрами тинч ўтсин, бирор кимнинг жони озор топмасин деб, ҳамма учун сайру саёҳат палласида ҳам касби, бурчини адо этишни афзал билган шифокорлар, сизларга минг раҳмат! Жон бергувчи Аллоҳ, асрагувчи эса сиз! Шундай улуғ касб-корингиздан бахт-саодат топинг!
Жанубий дарвоза бўсағасида оқ халатлиларни кўриб, улар истиқболига шошдим. Боғга кираётгану чиқаётганнинг фикру зикрида гўзалликдан кўпроқ баҳра олиш, ҳузур-ҳаловат топиш. Шифокорларнинг бор диққат-эътибори эса шодиёна иштирокчиларининг аҳвол-руҳияси назоратида. Мазкур гуруҳ Наманган шаҳридаги 1-оилавий поликлиника ходимларидан иборат экан.
– Гуллар байрами ўтган йили халқаро даражада ташкилланганда Москва тиббиёт институтини тамомлаш арафасида эдим, келишнинг иложи бўлмаган, – дейди умумий амалиёт шифокори Исломжон Ўринов. – Лекин ўшанда шу табаррук байрам иштирокчилари орасида бўлиш, тўғри келса, тиббий билим ва малакам билан ёрдам кўрсатиб, Наманганнинг ташриф қоғози бўлган шодиёнага ҳисса қўшишни жуда ҳам истагандим. Мана бугун янада кенг кўлам касб этиб, дунё халқларининг ҳам севимли сайлгоҳига айланган фестиваль ҳудудларида ўша аҳдимни амалга оширяпман. Иссиқ жон, дейишади-ку, кутилмаганда кимнидир нимадир безовта қилиб қолади. Боққа келувчиларнинг айримларида шу ҳол кузатиляпти. Аммо биз мурожаат қилувчига ўрнида тегишли тиббий ёрдамларни кўрсатиб, аҳволини яхшилашга, сайру саёҳатини шод-ҳуррам давом эттиришига эришяпмиз. Биз шифокорларнинг бахти ўз истакларимизни амалга оширишда эмас, бизга муҳтож бўлганларга дармон бўлиш, уларни соғ-омон кўришда!
Улар фаолияти билан танишув жараёнида гулларнинг саломатликка фойдалари ҳақидаги мулоҳазалари ҳам атрофида тўпланганларда астойдил қизиқиш уйғотмоқда. Кўпчилик бу гўзаллик муждалари одамларга нафосат, руҳий баҳра, маънавий озиқ беришини билади. Аммо фармацевтик хусусиятлари ҳам бу сифатларидан қолишмас экан.
Наргиза МИРЗАБОЕВА,
ҳамшира:
– Алое вера шарбати ҳар қандай касалликни даволашда ёрдам беради, айниқса антисептик хусусиятлари билан машҳур. Кислород чиқариш миқдори бўйича етакчи. Сансевиерия энг яхши табиий ҳаво тозалагич. Уни ўстириш учун мураккаб шароитлар талаб қилинмайди. Ним деб аталувчи гул номининг маъноси – покликдир. У нафақат ҳавони тозалайди, балки табиий пестицид вазифасини ҳам бажаради. Чивинлардан ҳимоялайди. Ҳашарот личинка қўйишига тўсқинлик қилиб, тарқалишининг олдини олади.
Муаззам ҲАЙДАРОВА,
ҳамшира:
– Туласи деб аталувчи гул нафақат таъми, балки хушбўй ҳиди учун ҳам қадрланади. Унинг барглари одамнинг асаб тизимига фойдали таъсир кўрсатадиган ҳид чиқаради. Нафас тизимини яхшилаб, асабийликни камайтиради. Орхидея чиройда пешқадамлигини ҳамма билади. Аммо у жуда кўп кислород чиқаради ҳам. Ҳавони ҳар хил бўёқлардан ажраладиган зарарли моддалар йиғиндиси бўлган ксилендан тозалайди. Апелсинранг гербера шамоллашни даволайди, саратон касаллигининг олдини олади. Бензол каби токсик моддаларни ютади. Гербера соғлом ва сифатли уйқуни рағбатлантиради.
Комила ХУШНАЗАРОВА,
фельдшер:
– Фикус Бенжамин кучли кислород манбаи бўлибгина қолмай, барглари қандли диабет ва астмани даволашда, ич қотишининг олдини олишда ҳам ишлатилади. Каланхое гули ажойиб гўзаллик ва жозибадорликдан ташқари, унинг муаттар ҳиди депрессия, ёмон кайфият ва уйқу муаммолари билан самарали курашади.
...Ўзларининг шифобахшлик салоҳиятлари, инсоний фазилатлари, касбий матонатлари билан 63-Халқаро гуллар фестивали юксак савия, уюшқоқлик, омон-эсонлик билан ўтказилишида фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларига куч-қувват тилаймиз.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.