Бугун аксарият болаларда аллергик касалликлар тез-тез учраётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, сут, тухум, балиқ, парранда гўшти, цитрус мевалар ва бош­қа таомлар туфайли нисбатан аллергия кўпроқ кузатиляпти.

Озиқ-овқат аллергиясидан кўп­роқ эмизикли гўдаклар азият чекади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалардаги касаллик ривожланишига онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабаб бўлади. Айтайлик, аёл ҳомиладорлик пайтида ҳаддан зиёд кўп тухум истеъмол қилса, орадан маълум вақт ўтиб, болада айнан шу маҳсулотга нисбатан аллергия пайдо бўлиши эҳтимоли юқори.

Бундан ташқари, чақалоқнинг кўкрак сути ўрнига сунъий аралашмалар билан озиқлантирилиши ёки гўдакнинг чала туғилиши, ошқозон-ичак тизими, ўт йўллари ёки жигар хасталиклари озиқ-овқат аллергиясини келтириб чиқарувчи омиллар сирасидан.

Республика мутахассисларининг кўриги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг аллергология бўлимида ушбу хас­талик билан даволанаётган беморлар учун айни муддао бўлди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 октябрдаги 865-сонли Қарорига мувофиқ аллергик касалликларни диагностика қилиш, даволаш ва профилактика қилиш соҳасида инновацион технологиялар, шунингдек молекуляр аллергология бўйича бирламчи бўғин шифокорларини малакасини ошириш мақсадида Г. Джамбекова бошчилигида бир гуруҳ аллерголог мутахассислар озиқ-овқат аллергияси билан даволанаётган бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказдилар ва улардан молекуляр таҳлилларга синамалар олишди. Турли аллергик касалликларга чалинган беморларга маслаҳат ва тавсияларини бердилар, – дейди бўлим мудири М. Ҳожиматова.

Куннинг иккинчи ярмида пойтахтлик мутахассислар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг педиатрлари ҳамда аллерголог врачлар учун ўқув семинари ҳам ўтказдилар. Унда аллергологиянинг долзарб масалаларидан бири – "Қаварчиқлар ва уларни замонавий даволаш" мавзусида маъруза қилинди.

М. ЭРГАШЕВА.