Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади

Таҳририятимизга қилинаётган мурожаатларнинг талайгина қисмида давлат тиббий суғурта жамғармаси, унинг мақсад ва вазифалари, фаолият тартибига оид батафсил маълумот беришимиз сўралган. Шу ҳақдаги саволларга тўлақонли жавоб олиш учун жамғарманинг Наманган вилояти ҳудудий вакили Мухторжон Жўрабоев билан суҳбатлашдик.

– Давлат тиббий суғуртаси нима?

– Суғурта сўзи ҳақида кўпчиликда мажбурий, фойдасиз нарса деган юзаки хулоса пайдо бўлган. Негаки, кўп ҳолларда суғурта мажбурий бўлиб, одамлар тегишли миқдорда маблағ тўлаб, суғурта полислари сотиб олади.

Аммо, бугун миллий соғлиқни сақлаш тизимига жорий этилган суғурта тизимида аҳоли пул тўламайди, суғурта доирасида ҳар бир фуқаронинг саломатлигини кафолатланган пакет асосида давлат бюджети маблағи ҳисобидан суғурта қилинади. Бу билан соҳага ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, касалликларни эрта аниқлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада оширишга эришилади.

Давлат тиббий суғуртаси тизими аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш ҳамда тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини шакллантириши зарур.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида натижага асосланган молиялаштириш тизимига ўтилиб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари (оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман марказий поликлиникалари)да аҳоли жон бошига молиялаштириш ҳамда шифохоналарда "даволанган ҳолат" бўйича молиялаштириш орқали мақсадли ва адолатли равишда маблағ ажратилишига эришилади.

Мисол учун, поликлиникалар илгари ходимлар сони асосида, шифохоналар эса койка сонига қараб бюджетдан молиялаштирилган бўлса, энди шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдам ҳажми (кўрсатилган тиббий хизматлар, даволаниб чиққан беморлар сони, бажарилган жарроҳлик амалиётлари сони ва мураккаблик даражаси)га қараб молиялаштириш тизимига ўтказилади.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат тиббий суғурта тизими бўйича қандай ташаббусларни билдирган?

– Давлатимиз раҳбари Давлат тиббий суғуртаси тизимини юртимизда босқичма-бос­қич кенг жорий этиш борасида, унинг аҳолига қандай афзалликлари борлиги ҳақида кўп бора таъкидлаган. Мисол учун, 2022 йил 18 март куни "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" мавзусидаги очиқ мулоқотда Сирдарёда тиббий суғурта тизимини тўлиқ йўлга қўйиб, келгуси йилларда барча ҳудудларда бу тизим жорий этилиши маълум қилинган.

2022 йил декабрь ойида Президентнинг Парламентга йўллаган Мурожаатида давлат тиббий суғуртасига ўтишни жадаллаштириш зарурлиги, 2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа вилоятларда ҳам жорий этилиши айтилган. Жорий йилнинг 5 февралида Президент иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида бериш йўлга қўйилиши белгиланди. Шунингдек, йиғилишда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий йилда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида, 2025 йилдан Самарқанд, Навоий, Қаш­қадарё, Сурхондарё, Фарғона, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятларида босқичма-босқич жорий этиш чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди.

– Юртимизда жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси ишлаш тартиби қандай?

– Давлат тиббий суғуртаси бу – тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига киритилган тиббий хизматлар аҳолига кўрсатилиши учун уларни тиббиёт ташкилотларидан харид қилиш бўйича хуқуқий, иқтисодий ва ташкилий чора-тадбирлар жамламаси. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, тиббий суғурта "маълум бир маблағ эвазига даволаймиз, кафолатланган тиббий хизмат кўрсатамиз", деган маънода тушунилади.

Юртимизда жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизимида аҳоли давлат тиббий суғуртаси учун бадал пули тўламайди, яъни чиқимдор бўлмайди. Аксинча, аҳоли саломатлиги давлат ҳисобидан суғурталанади. Бунда давлат тиббий ёрдам олиш қоидаларини белгилайди ва ҳар бир босқичда кафолатланган ҳажмдаги тиббий хизматнинг бепуллигини кафолатлайди.

Давлат тиббий суғуртаси тизимидан фойдаланиш учун аҳоли бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктирилади. Бунда бирламчи мурожаатни улар паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан амалга оширади.

Дунёда тиббий суғуртанинг бир неча тури мавжуд: мажбурий, ихтиёрий ва давлат тиббий суғуртаси.

Мажбурий тиббий суғурта – ишчи ва хизматчилар, ўз-ўзини банд қилган фуқаролар ҳамда иш берувчилар томонидан тўланадиган бадал тушумлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тизими. Ушбу тизим қатор мамлакатларда, шу жумладан Қозоғистон ва Қирғизистонда жорий этилган.

Ихтиёрий тиббий суғурта тизими республикада тарихан мавжуд бўлиб, жисмоний шахслар ўзини ва оила аъзоларини, юридик шахслар ўз ходимлари соғлиғини суғурталаш имкониятига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган "Соғ­лиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4890-сонли қарорига мувофиқ, юртимизда, хусусан, Сирдарё вилоятида 2021 йил 1 июлдан давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш бошланди.

– Вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимлари учун Тиббий суғурта механизмларини Сирдарё вилоятида қандай жорий этилгани, амалий тажрибалар жуда ҳам муҳим.

– Эътиборингизни бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги ўзгаришларга қаратмоқчиман.

Дастлабки босқичда оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамшира ҳамда доя­дан иборат тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, қайта тайёрланди. Кундузги стационар хизматлар кенгайтирилди. Натижада 40 ва ундан катта ёшдагиларнинг 92 фоизи скринингдан ўтказилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари асосида жиҳозланган шифокор олди кўриги, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи хоналари ҳамда профилактика мактаблари ташкил этилди.

Поликликлиникаларда оилавий шифокор мавқеи оширилиб, унинг 30 фоиз иш юкламаси амалиётчи ҳамширага ўтказилиши туфайли оилавий шифокорнинг кўрик вақти ҳар бир бемор учун аввалгидек 5-6 дақиқа эмас, 10-15 дақиқага узайди. Поликлиникаларда узундан-узун навбатларга чек қў­йилди. Шифохоналарга беморларни асоссиз ётқизиш кўрсаткичи 45 фоиздан 20 фоизгача камайди.

Реимбурсация тизими жорий этилиб, сурункали касаллиги бор беморларга шифокорнинг электрон рецепти асосида дорихоналардан бепул дори-дармон бериляпти. Яъни, дорихона харажати Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланмоқда. Бугунги кунга қадар Реимбурсация дастури асосида вилоят бўйича жами 25 минг дона электрон рецепт билан 1 миллиард 519,4 миллион сўмлик дори воситалари берилди.

Барча тиббий-санитария ёрдами муассасалари компьютер техникаси билан таъминланди. Улар воситасида иш жараёни тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Вилоят аҳолисининг 94 фоизи электрон дастур орқали оилавий шифокорларга бириктирилди ҳамда уларнинг соғлиги тўғрисида электрон маълумотлар яратилди. Рақамлаштириш орқали беморларни рўйхатга олиш, электрон тиббий карта юритиш, уларни шифокорга йўналтириш, шифокор қабулига ёзилиш, электрон рецепт ёзиш йўлга қўйилди.

Поликлиникалар уларга бириктирилган аҳоли миқдорига, шифохоналар бажарилган ишлар натижасига қараб молиялаштириляпти.

М.ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.