Бухоро давлат тиббиёт институтида "Стоматологиянинг долзарб муаммоларига замонавий ёндошув" мавзуида хал­қаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Россия, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон каби қатор давлатлар стоматологлари тиш касалликларини даволашнинг янги усул ва услублари ҳақида маърузалар тинглаб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Унда Наманган вилояти стоматология поликлиникаси бош шифокорининг ўринбосари Зоҳиджон Абдураҳимов ҳам иштирок этиб, "Пахта тозалаш корхоналари ишчиларида периодонтитни даволашда зайтун прополис ёғи ва малҳамини қўллаш" мавзуидаги илмий тадқиқоти натижалари билан таништирди. Бўлғуси олим таъкидлаганидек, бундай корхоналар ҳавосида бўладиган турли чанглар, кимёвий воситалар асоратлари тишларни зарарлаши мумкин. Изланиш жараёнида пахта заводининг 25 – 60 ёшдаги 50 нафар ишчисида периодонтит аниқланди.

Зайтун прополис ёғи ва малҳамини қўллашдан иборат ўн кунлик терапевтик муолажалар натижасида беморларда тиш гўштининг шиши, гиперемияси ва қонаши тўхтади. Тиш гўшти ранги табиий ҳолига кела бошлади ва папиллалари тишларга жипслашди. Яллиғланиш тўла бартараф этилди.

М. ОБИЛОВ.