63-ХАЛҚАРО ГУЛЛАР ФЕСТИВАЛИ
ГУЛЛАР БИЛАН БЕЗАНГАН ШАЩРИМ, НАМАНГАНИМ – ИФТИХОР, ФАХРИМ
Наманганнинг ташриф қоғозига, мамлакатимизнинг энг жозибали нафосат байрамига айланиб, халқаро аҳамият касб этган фестиваль илк бор 1961 йил 19-20 август кунлари "Гул байрами" – "Гул кўргазмаси" номи билан ташкил этилган эди. Унда бир қатор ҳаваскор гулчилар, шаҳар марказий шифохонаси, энергокомбинат, 2-пахта тозалаш заводи, 3-мактаб, ёш техник ва натуралистлар станцияси жамоалари етиштирган гуллар кўргазмалари намойиш қилинганди.
Халқимизнинг қалбидан жой олган анъана йиллар давомида кенг кўлам ва аҳамият касб этди. Айниқса, миллий ўзлик ва қадриятларимиз дояси бўлмиш истиқлол йилларида янада такомиллашди. Гуллар байрами Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан барпо этилаётган Янги Ўзбекистонга муносиб Халқаро фестиваль даражасига етди. Давлатимиз раҳбари Наманганга 2017 йилдаги ташрифларида Гул байрами замирида бетакрор ва беназир бунёдкор ғоялар мужассамлигини таъкидлаб, уни Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги фестивали даражасига кўтариш, Наманган гулчилигини қўллаб-қувватлаш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Ана шу лаҳзадан бошлаб анъанага янада жиддий эътибор қаратилди, уни мазмунан бойитиш, жозибадорлиги ошириш чора-тадбирлари кўрилди.
Натижада фестиваль нуфузи, унинг вилоят маънавий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётидаги аҳамияти тобора ортмоқда. Аввалги йили 15 кун, ўтган гал бир ой давом этган бўлса, олтмиш учинчиси 40 кунга узайтирилгани ана шундан далолат. Ўтган йили бир ой мобайнида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан 4 миллионга яқин меҳмон ташриф буюрди. Қўшни республикалар ва чет мамлакатлардан 100 мингдан ортиқ сайёҳ қатнашиб, Наманган гулчилиги – санъат даражасига кўтарилгани-ю, бетакрор эстетик ижодкорлик даражасидан туйган ҳайратларини яшира олмадилар.
Бу галги нафосат ва гўзаллик фестивалига аввалгиларидан-да сермазмун, сержило, чексиз ҳаяжон ва завқ бахш этувчи лойиҳалар асосида тайёргарлик кўрилди. Очилиш маросимида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов таъкидлаганидек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, "Афсоналар водийси" тематик парки, Наманган шаҳри бўйлаб 45 миллион тупдан ортиқ гуллар экилиб, бетакрор ва беназир композициялар яратилди. 200 дан ортиқ транспортдан иборат автокарвонгача гулларга бурканди. Янги Ўзбекистон боғи, Уч фаввора, Усмон Носир хиёбони ва фестиваль доирасидаги тадбирлар ўтадиган барча масканлар ҳар йилгидан кўра мукаммалу юксак дид билан безатилди.
Бу йилги фестивалда 6 миллиондан зиёд иштирокчи, жумладан, 200 минг нафардан ортиқ хорижий меҳмонлар ташрифи кутилмоқда.
Вилоят раҳбари тантана аввалидаёқ 63-халқаро "Гуллар фестивали" ўтказилишига яқиндан кўмак берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар, Маданият, Туризм вазирликлари мутасаддиларига алоҳида миннатдорчилик билдиргани бежиз эмас. Зеро, бугун Наманган 60 дан ортиқ давлат фуқаролари учун севимли саёҳат гўшасига айланишида ана шу ёрдамнинг ўрни ва ва роли беқиёс.
Эзгу мақсад, хайрли ният йўлидаги фидойиликлар етти иқлим одамларини миллати, тили, ирқи ва динидан қатъий назар ягона инсон маслагида бирлаштирди. Юз-кўзларида самимият, бир-бирларига иззат-ҳурмат, яхшилик қилиш, олам ва одам яратган гўзалликдан баҳамжиҳат завқ олиш истаги балқийди. Бу латиф туйғулар ўзбекона шўх-шаън қўшиқлар янграб, турли миллат ва давлат фуқаролари биргаликда рақсга тушганларида яққол намоён бўлди.
Рангоранг гулғунчаларга чулғанган автомобиллар карвони Наманган аэропортидан йўлга чиқиб, 10 километрлик йўл бўйлаб жамланган минглаб одамларнинг давомли олқишлари остида боғ сари етиб келди. Турли русмдаги транспортлар, ретро автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, ясатилган мотоцикл ва велосипедлар ҳаракатдаги чаманзордек барчанинг дили баҳрини очиб, ақлини шоширмоқда.
Ниҳоят, 63-халқаро "Гуллар фестивали"нинг рамзий ленталари қирқилди. Ўн минглаб мезбону меҳмонлар байрамнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида табиий гуллардан яратилган композициялар томошасига ошиқдилар.
Сергей МИРОНОВ,
Республика рус миллий маданий маркази раҳбари:
– Бугун ҳаяжоним ичимга сиғмайди. Наманган умримнинг 50 йили ўтган қадрдон юрт. Унинг ҳаётида ўтган воқеликлар ҳам қалбимга яқин. Дастлабки Гул байрамлари вилоят ва водий миқёсида, 2-3 кунгина бўларди. Наманган аҳли бу эзгу анъанани ҳамиша равнақ топтиришга интилди.
Қаранг, ҳамманинг қулфи дили очилган, тил, миллат ва бошқа тафовутларни унутиб, ягона инсонга айлангандек. Боисини сўрсангиз шундай дейишлари аниқ: "Ер юзида тинчлик барқарор, дўстлик бардавом, қардошлик мустаҳкам, ҳамкорлигимиз абадий бўлсин!" Ҳақиқатан, шу неъматлар бор жойда ҳаёт ширин, эзгу ниятлар ижобат, тараққиёт баравж бўлаверади.
Ситеш КУМАР,
Ҳиндистон элчихонасининг 2-котиби:
– Янги Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти ҳар жабҳада яққол намоён. 63-Халқаро гуллар фестивали барқарор тинчлик, инсон қадри юксалиши, бунёдкорлик салоҳияти, халқаро ҳамкорлик борасида янги истиқболларга интилиш – хуллас, давлат ва халқнинг ҳавасга арзигулик хусусиятларини кўз-кўз қилиб турибди. Дўстона алоқаларимиз барқарор ва бардавом бўлсин.
Ёдгор САЪДИЕВ,
Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон халқ артисти:
– Мен меҳмон эмас, очилиш маросимида ҳам эълон қилишганидек, Наманганнинг фахрий фуқаросиман. Гул байрамимиз Юртбошимиз таклифлари билан Халқаро фестивалга айлангани, шунга муносиб тарзда ташкил этилганидан, нафақат Ўзбекистонимиз, қўшни республикалар аҳли, балки дунё вакиллари қалбига нафис туйғулар, олижаноб ҳислар, меҳр-оқибат маслагини жо этаётганлигидан чексиз фахрланаман.
Марям КАРЛИК,
туркиялик саёҳ:
– Дунёнинг турли давлатларида бўлганман. Аммо Наманганнинг Халқаро гуллар фестиваличалик гўзал байрамни билмайман. Борлиқ гулга бурканган. Атроф покиза, одамлар хушнуд ва бахтиёр. Ер юзи вакиллари умуминсоний қадриятдан баҳра оляптилар. Шахсан ўзим шундай шаффоф ва латифликда мисли йўқ шодиёнада қатнашаётганимдан беҳад хурсандман.
Муҳташам тадбир вилоят аҳлининг бир тан-бир жон эканлигини кўрсатганлиги билан ҳам эътиборга молик. Ташаббускор ташкилот ва корхоналар, олий ўқув юртлари қўшни республикалар, чет мамлакатлардаги ҳамкорларини фестивалга чорлашлари нур устига аъло нур бўлди. Жумладан, Наманган муҳандислик-технология институти жамоаси Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Бангладеш, Германия, Россия, Белорусия, Африка, Италия, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа шу каби давлатлардан 100 га яқин меҳмон таклиф этди.
Чўлпон БЕРДИҚУЛОВА,
Қирғизистон Республикаси Баткен вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари:
– Фестиваль бетимсол жилваларигина эмас, муштараклик ғояси билан дунё миқёсида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳам катта ҳисса қўшяпти. Мен оламга гўзаллик улашувчи, яхши ниятли инсонларни яқинлаштирувчи бу улуғ анъана ҳақида туркум мақолалар, репортажлар тайёрлашга аҳд қилганман.
Сақиб ПОКИСТОНИЙ,
сайёҳ:
– Халқаро гуллар фестивалига оилавий келдик. Мана бу ўғилчамиз оммавий жойларларда тезда тоқатсизланарди, ҳайрон қолдим, бу ерда шодлангандан-шодланиб, гулларга, одамларга талпингани-талпинган. Рафиқам бўлса, наманганликлар гулчиликни юксак мутахассислик, санъат даражасига кўтарибдилар, дея ҳайратда. Ростдан ҳам, минглаб рангоранг гуллардан яратилган беҳад жозибадор ландшафтлар, гулга бўлган чуқур меҳр-муҳаббатга жуда ҳавасим келди.
Фестиваль дастуридан кўплаб илмий анжуманлар, зиёрат, маданий-маърифий тадбирлар ўрин олган. Жумладан, илк куниёқ Жанубий Корея Республикасининг Буйео-Гун вилояти маданият ва санъат вакиллари ҳамда вилоят мусиқали драма театри жамоасининг учрашуви бўлди. Унда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари белгиланди ва расмий англашув меморандуми имзоланди. Жорий йилнинг октябрь ойида вилоят театри жамоаси Жанубий Корея Республикасининг Буйео-Гун вилоятига гастроль сафарини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, вилоят "Маърифат маскани"да "Ипак йўлида туризм тармоқларини ривожлантириш истиқболлари" мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Наманган 2-Халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси, "Афсоналар водийси" тематик паркида концерт ва шоулар фестиваль иштирокчиларига унутилмас таассуротлар ҳадя этди.
Нафосат ва эзгулик шодиёналари давомли. Юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар сафи кун сайин ортмоқда.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.