Марҳумларни хотирлаш, уларнинг ҳаётлик чоғида юрт равнақи, эл бахту саодати йўлида қилган фидокорона хизматларини эслаш тирикларнинг муқаддас бурчидир. Бу эзгу амаллар бежизга 9 май – Хотира ва қадрлаш куни айёми арафасида янада кенг тус олмайди. Чунки, азалий қадриятларга ҳамоҳанг равишда аждодлар босиб ўтган йўлга назар солинади.
Тиббиёт соҳаси вакиллари орасида ҳам ана шундай ҳурмату эъзозга лойиқ инсонлар жуда кўп эди. Афсуски, бешафқат ўлим уларни орамиздан эрта олиб кетган. Жумладан, бой тажрибаси, юқори малакаси, одамийлиги ва бошқа фазилатлари билан алоҳида ажралиб турадиган Ҳамидулла Устабоевнинг порлоқ хотираси доимо дилимизда. Атиги ярим аср яшаган соғлиқни сақлаш ташкилотчиси нафақат ҳамкасблари, балки вилоят жамоатчилиги орасида катта обрў-эътибор қозонган раҳбар эди. Оддий шифокорликдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали етакчиси даражасигача кўтарилган тажрибали раҳбарни барча чуқур ҳурмат ва эътибор билан эслайди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиевлар Ҳамидулла Устабоевнинг хонадонига ташриф буюришди. Мулоқот чоғида бутун умрини эл саломатлигини мустаҳкамлашга бағишлаган инсоннинг порлоқ хотираси дилдан ўтказилди. Малакали шифокор сифатида соҳа тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилди.
Тиббиёт ходимлари соғлом турмуш тарғиботчиларидир. Улар ўзларининг ибратли ҳаёти ва таъсирчан фаолиятлари билан юртдошларимизни саломатликка ундаб келишади. Зокиржон Шоқаламов ҳам ана шу улуғ мақсадга бутун умрини бағишлаган шифокор эди. У ҳоҳ Уйчи туманида, ҳоҳ вилоятда хизмат қилмасин, соғлом турмуш ва жисмоний фаоллик тарғиботи жонкуяри сифатида танилди. Дўстлари ва яқинлари уни ўз касбининг устаси сифатида эслашади.
Хотира ва қадрлаш куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиевлар Зокиржон Шоқаламов хонадонида бўлишди. Суҳбат чоғида камтарин ва жонкуяр шифокорнинг яхши хислатлари, ибратли меҳнат фаолияти эсланди. "Ёднома" ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Шу тариқа вилоят бўйича минг нафардан зиёд соҳа фахрийларига "Қадрнома" ва юздан ортиқ марҳум тиббиётчиларнинг яқинларига "Ёднома" ёрлиқлари топширилди.
Уйчи туманига ташриф чоғида бошқарма бошлиғи беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати билан ҳам танишди. Марказий шифохонада саломатлигини тиклаётган кекса авлод вакиллари ҳолидан хабар олинди, байрам таҳфалари топширилди. Ўринбой Юсуфжонов, Тўхтахон Юсуфжонова, Рислиғой Матмуродова, Башорат Ўринбоева, Назира Қурбонова, Маҳмуда Холиқова каби нуронийлар кўрсатилган эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар..
Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти билан мулоқот чоғида соҳа фахрийси Муҳаммадюсуф Раҳмоновнинг узоқ йиллик баракали хизматлари эътироф этилди. Мутасаддиларга қарияларни қадрлаш ва соғломлаштириш ишларини янада яхшилаш юзасидан топшириқлар берилди.