Юртбошимиз раҳнамолигида барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доираси эса кенгаймоқда. Пировардида соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник базаси муттасил ривожлантириляпти. Кадрлар салоҳиятини юксалтириш чоралари кўрилмоқда. Энг муҳими, жамиятда тиббиёт ходимларининг қадр-қиммати ва нуфузи ошяпти.
Тобора ривожланиб бораётган соҳада фаолият кўрсатиш нафақат шарафли, балки ҳар бир мутахассисга катта масъулият ҳам юклайди. Айниқса, тиббий муолажаларни амалга оширувчи, беморларнинг дардига шерик бўлиб, уларга ширин сўзи ва қалб ҳарорати билан далда бергувчи ҳамширалар зиммасидаги вазифа кўлами ҳам ортяпти. Бугунги ҳамшира замонавий тиббий аппаратлар сир-асрорларини мукаммал эгаллаши, касбий одоби ва қобилияти билан ҳамкасбларига намуна бўлмоғи лозим.
Наманган шаҳридаги "Диёр" тантаналар мажмуасида 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида энг илғор ва фаол ўрта тиббиёт ходимларидан бир гуруҳи рағбатлантирилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев саломатлик посбонларининг машаққатли ва шарафли хизматларини эътироф этиб, уларни қутлуғ сана билан табриклади. Вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали суратда эгаларига топширилди.
– Соғлиқни сақлашнинг ҳаракатлантирувчи кучи, дея тарифланадиган ўрта тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган бу каби рағбатлар уларни беҳад руҳлантирмоқда. Бугунги кунда Наманган тиббиётида 30 минг нафарга яқин ҳамширалар, доя ва фельдшерлар хизмат қилишади. Меҳнатимиз муносиб баҳоланиб, кўрсатилётган эътибор ва эътирофдан ғоят мамнунмиз. Янада фаол, сидқидилдан хизмат қилиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга ҳиссамизни қўшамиз, – дейди ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов тадбир қатнашчиларини халқаро сана билан қутлади. Вилоят ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Солижон Мўминов ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмоновлар ҳам заҳматли касб эгаларининг фидокорона хизматларини мамнуният билан эътироф этдилар.
Тадбир бағоят тантанавор тус олди. Шу куни ўрта тиббиёт ходимлари шарафланди. Вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари ҳамширалар хизматида бўлишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.