Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган асосий тадбир пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтди. Тантанали маросимда "Йилнинг энг яхши ҳамшираси" кўрик-танлови ғолиблари ҳамда 15 та номинация бўйича "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" танлови совриндорлари тақдирланди.

Жумладан "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" танловида вилоятимиз вакиллари ҳам юқори ўринларга муносиб кўрилди.

"Йилнинг энг яхши муолажа ва эмлаш ҳамшираси" номинацияси бўйича 1-ўрин Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси терапия бўлими ҳамшираси Феруза Қурбоновага насиб этди.

"Йилнинг энг яхши ҳамшираси" номинацияси бўйича Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими ҳамшираси Алфия Раҳмонбердиева 2-ўринга муносиб топилди.

"Йилнинг энг яхши анестезиология ва реанимация ҳамшираси" йўналишида эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали реанимация бўлими ҳамшираси Арифахон Парпиева 3-ўринни эгаллади.