Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-103-сонли қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шарофати билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, энг сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди.

Бу мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида амалга ошириш имконини берди. Юқори технологик оператив даво муолажаларини йўлга қўйиш, яратилган замонавий имкониятлардан самарали фойдаланишга эришишда РИКИАТМ ишчи гуруҳининг назарий ва амалий ёрдами катта. Марказ директори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хуршид Фозилов бошчилигида вилоятга ташриф буюрган юқори малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи аъзолари ва наманганлик кардиожарроҳлар билан ҳамкорликда яна бир қатор ноёб жарроҳлик амалиётларини бажардилар.

– Бугунга келиб Наманган филиалида барча турдаги юқори технологияли мураккаб амалиётларни маҳаллий мутахассисларнинг ўзлари бажаришяпти, -дейди РИКИАТМ директори Хуршид Фозилов. – Филиалда халқаро ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Марказ мутахассислари билан бир қаторда Европа давлатлари, жумладан, Швейцария, Италиядаги етакчи клиникалар профессорлари келиб, маҳорат дарслари, ҳамкорликдаги мураккаб операциялар ўтказиши анъанага айланган. Филиал кардиожарроҳлари халқаро тиббиёт марказлари, анжуман ва малака оширишларида бўлиб, назарий ва амалий маҳоратларини мунтазам ошириб бораётгани ҳам эътирофга лойиқ. Ана шу изланиш ва интилишлар самараси ҳозиргина ўтказилган ўткир миокард-инфаркт билан келтирилган беморни муваффақиятли оператив даволашда ҳам яққол намоён бўлди. Тезкор юқори технологик жарроҳлик йўли билан қон томирни очилди, тозалаб, стент ўрнатилди ва бемор ногиронлигининг олди олинди, умрига умр қўшилди.

Таъкидланганидек, филиал хал­қаро даражадаги хорижлик кардиохирурглар билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган. Филиалда бўлган кунимиз ҳам дунё­нинг атоқли кардиожарроҳларидан бири, Молдова Республикаси бош кардиожарроҳи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Аврелий Батранак ташрифининг гувоҳи бўлдик. Фаолияти давомида 10 мингдан зиёд жарроҳлик амалиётларини ўтказган мутахассис бир вақтнинг ўзида очиқ усулда иккита операцияни тенгдан бажаришдек маҳорат дарсини ўтди.

– Тўрт йилдирки наманганлик ҳамскасбларим билан ҳамкорман, – дейди Аврелий Батранак. -Улардаги касбга садоқат, олий мақсад сари қатъият билан интилиш, жаҳон тажрибаларини ўрганиш ва қўллашга бўлган иштиёқларини ҳурмат қиламан. Аввалги йиллари келганимда, очиғи юқори технологияли тиббий жиҳозлар кам эди. Ҳозир эса энг замонавий ускуналар кўпайибди. Бу мамлакатингизда соҳани тубдан ислоҳ килиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун олиб борилаётган олийжаноб ишлар самарасидир. Бусиз ҳозиргина 15 ёшли қиз ва 60 ёшли аёлда очиқ усулдаги ўта мурккаб операцияларни амалга ошириб бўлмасди. Инсонга бахт улашиш, умрига умр қўшишдек масъулиятли вазифани бажараётган шифокорларингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Шундай юксак савияли, юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорлик қилишдан мен ҳам мамнунман.

– Марказ ишчи гуруҳи тизимли равишда Наманган вилояти туманларида бўлиб, оилавий шифокорлар, патронаж ва амалиёт ҳамшираларининг скрининг жараёнларини ўрганмоқдалар, уларнинг назарий, амалий малакаларини оширишга ҳисса қўшяптилар, – дейди Хуршид Фозилов. – 40 ёшгача аҳоли скринингларини ўтказиб, хавф гуруҳлари, омиллари илмий таҳлил этиляпти. Бирламчи тизимга доимий амалий ёрдамдан мақсад, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланганидек, аҳоли саломатлик юзасидан мурожаатларининг 70 фоиз қисми ўз ечимини шу босқичда топишига эришиш. Шунинг учун марказ ва филиалларимизнинг бутун диққат-эътибори туман, шаҳарлардаги бошланғич тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган. Айниқса, рақамлаштириш жараёнини тезлаштиришга алоҳида аҳамият бер­япмиз. Мақсадимиз республика бўйича ягона юрак-қон томир касалликлари реестрини яратиш. Бу борадаги Наманган тажрибаси ибратга лойиқ.

Пойтахтлик мутахассислар эътироф этганидек, Янгиқўрғон туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникадан энг чекка оилавий шифокорлик пунктларигача рақамлаштириш маваффақиятли амалга оширилмоқда. 40 ёшдан ўтган аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликлари профилактикаси юзасидан олиб борилаётган скрининг натижалари, уларнинг саломатлигини бирламчи тизимнинг ўзида назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш, "MEDHAB" электрон тизими орқали маълумотлар базасига киритиш ҳамда "Соғлом юрак" интернет сайтига улаш жараёнлари жадал давом эттирилмоқда.

– Ҳудудимизда 40 ёшдан катта 6396 нафар фуқаро яшайди, – дейди Янгиқўрғон туманидаги 59-оилавий полкилиника врачи Малика Эралиева, – Улар ҳақидаги маълумотлар электрон дас­турга киритилди. Энди саломатлик кўрсаткичларини мунтазам кузатиб бориш имкони туғилди.

Дарҳақиқат, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида аҳоли саломатлигига оид устувор йўналишда белгиланган вазифалар тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг таг замирида инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг узоқ умр кўриши ва фаровон турмуш кечиришини таъминлашдек мақсадлар мужассам.

Ҳасанбой ДАДАБОЕВ,

журналист.