Республикамизда тиббий хизматни замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида ривожланган давлатлар тажрибаларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юқори малакали хорижий шифокорлар иштирокида жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат сабоқлари йўлга қўйилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Жумладан, Москва шаҳри ҳарбий тиббий госпиталининг етакчи мутахасислари, травматология бўлими мудири Икромжон Акрамов ва вертебролог, тиббиёт фанлари номзоди Александр Воловичнинг Поп туманига ташрифи ҳам нейротравматология соҳасида яна бир муҳим қадам бўлди.
Меҳмонлар 12 май куни "Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази" фаолияти билан танишдилар. Марказ шифокорлари учун "маҳорат сабоғи" бердилар.
Нейрохирургия бўлимида "Умуртқа поғона орқа мия оғир шикастланишлари" билан даволанаётган беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди.Бир нафар оғир қўшма шикаст билан ётқизилган беморда юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиёти олиб борилди. Шавкатжон Масаидовни соғломлаштириш чоралари кўрилди.
Беморнинг ҳолати мутахассислар томонидан чуқур ўрганилди. Стандартлар бўйича текширувларга қўшимча равишда переферик қон томирлар доплер текширувдан ўтказилди. Олиб борилган антикоагулянт даво муолажаларига қарамасдан, иккала оёқ вена томирларида тромблар аниқганлиги сабабли, ушбу патология беморда режалаштирилган амалиётга қарши кўрсатма бўлиб, режалаштирилган операция пастки ковак венага "Кавафильтр импланти ўрнатиш" интервенцион амалиётини ўтказилгандан сўнг бажарилиши мумкин , деган хулосага келинди.
Туман тиббиёт бирлашмасидаги ЭОП аппарати ёрдамида малакали интерверцион кардиолог Бахтиёр Камолиддинов томонидан амалиёт ва амалиётдан кейинги тромбоэмболик асоратларнинг олдини олиш мақсадида ушбу мураккаб "Кавафильтр импланти ўрнатиш" амалиёти бажарилди.
Эртаси куни хорижлик мутахассис Александр Николаевич билан биргаликда беморда "Декомпрессив ламиноэктомия VL-III. Орқа мия канали ревизияси, канал иккиламчи стенозига барҳам бериш, йиртилган мия қатиқ пардаси бутунлигини тиклаш ва умуртқалар танаси ТПФС билан стабилизациялаш" жарроҳлик амалиёти беш соат мобайнида олиб борилди.
Ҳозир бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда. Кучли оғриқ синдроми бартараф бўлган, оёқларда сезги ва ҳаракат доирасида ўзгаришлар кузатилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, хорижлик мутахассислар туман тиббиёт бирлашмасида ушбу юқори технологик ва мураккаб амалиётларни ўтказиш учун яратилган замонавий моддий-техника базаси ва шароитларни кўриб мамнун бўлишди. Маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятига ҳам муносиб баҳо берилди.
Лочинбек ОНАРҚУЛОВ,
Поп тумани тиббиёт бирлашмаси
бошлиғининг даволаш ишлари
бўйича ўринбосари.