Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, соғлом авлодни вояга етказиш устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боис ҳам оналик ва болалик муҳофазасига қаратилган эзгу ишлар салмоғи тобора ортиб бораётир. Эндиликда республикамиздаги нуфузли тиббиёт масканлари тажрибали шифокорларининг ҳудудларга чиқиши ва маҳаллий саломатлик пос­бонлари билан ҳамкорликда келажагимиз ворисларини соғ­ломлаштириш учун амалга ошираётган хайрли ишлари доираси кенгаймоқда.

"Болаларга беринг, дунёни!" акцияси доирасида Болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари уч кун давомида Наманганда бўлдилар. Дастлаб вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида хастаҳол болалар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкилланди. 300 нафарга яқин бола тиббий текширувдан ўтказилиб, уларни безовта қилаётган касалликларни даволаш чоралари белгиланди. 10 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти олиб борилди.

Бу жараён Учқўрғон ва Тўрақўрғонда ҳам давом эттирилиб, ўғил-қизлар саломатлиги ўрганилди ва касаллик аниқланганларни даволаш ишларига киришилди.

Пойтахтлик тиббиёт мутахассислари наманганлик ҳамкасб­лари учун замонавий даволаш ва диагностика усуллари ҳақида "Маҳорат дарси" ҳам ташкил этишди.

 

АКЦИЯ ТААССУРОТЛАРИ

Шерзод ҒУЛОМОВ,

Болалар миллий тиббиёт марказининг ЛОР шифокори, тиббиёт фанлари номзоди:

– Пойтахтдаги етакчи мутахассисларнинг вилоятларга бориб, маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтиши, юқори технологияли ташхис ва даволаш стандартларини жорий этишга кўмаклашиши анъанага айланди. Натижада ҳудудлардаги ҳамкасбларимизнинг малака– маҳоратлари мунтазам ошиб бормоқда. Бу акция давомида ҳамкорликда амалга оширилган ЛОР операцияларида ҳам яққол намоён бўлди.

Вилоят болалар шифохонаси янги ва ноёб асбоб-ускуналар билан таъминланганлиги тиббий ёрдам сифати, самарадорлигини оширяпти. Авваллари Тош­кент­дагина бажарилиши мумкин бўлган мураккаб амалиётлар эндиликда вилоятнинг ўзида олиб борилмоқда. Жумладан, жаҳон андозаларидаги мукаммал шароит туфайли оденоид, бурун тешиги тўсиқлиги, бурун тешиги қийшиқлиги, сурункали танзиллит касалликларини оператив даволаш муваффақиятли кечди. Биргина мисол, Алишер исмли болажонимизнинг қулоғидаги сурункали жараён хуруж бериши натижасида тўпланган йиринг бош соҳасига ўтиши эҳтимоли юзага келган. Тезда операция қилинмаса, ҳолат фожиали тус олиши муқаррар эди. Бола жонига қасд қилган таҳдид энг замонавий операцион микроскоп мавжудлиги боис дунё стандартига мос жарроҳлик амалиёти билан бартараф қилинди.

 

Саодат АКМАЛОВА,

Болалар миллий тиббиёт маркази гастроэнтерологи:

– Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда 70 нафарга яқин ошқозон-ичак тизимида функционал бузилиш бўлган болалар саломатлиги батафсил ўрганилди. Ҳар бирининг индивидуал ҳолатини ҳисобга олган ҳолда даволаш чора-тадбирларини ишлаб чиқдик. Маҳаллий шифокорлар дарҳол муолажага киришдилар.

Вилоят маркази ва туманлардаги қабуллар жараёнида кўрилган ўғил-қизларнинг яқин 20 фоизида вазн етишмаслиги, бир неча турдаги сурункали хас­таликлар ҳам аниқланиб, тегишли муолажалар белгиланди. Барча жараёнларни наманганлик ҳамкасбларим билан ҳамкорликда амалга оширдик. Биз марказда тўпланган тажрибаларни улар фаолиятига татбиқ этиш билан бирга республикамизда кўзга кўринган болалар гастроэнтерологларидан бири наманганлик Икромжон Далабоевнинг маҳорат сирларини ҳам ўргандик.

Ўрни келганда айтишим керак. Болалар шифокорлари ишини қийинлаштирадиган бир муаммо бор. Бу – айрим ёш ота-оналарнинг бола парвариши, профилактикасига етарли эътибор қаратмаслигидир. Аксар ҳолларда фарзандларнинг касалланиши ва оғир ҳолатга бориб қолиши уларнинг тиббий тушунчаси ўта саёзлиги туфайли содир бўл­япти. Болаларда ошқозон-ичак фаолияти маромини сақлашнинг энг асосий шарти бўлган тўғри овқатлантириш қоидаларига амал қилмаслик оқибатида юз берган ич кетиш, кўнгил айниш каби вазиятларда бошқа соҳа мутахассисларига учраш, ўзбошимчалик билан дори-дармон бериш оқибатида бемор аҳволини оғирлаштирадиганлар кўп. Шу боис мурожаат қилган аёлларнинг деярли ҳаммаларига фарзандларини кўкрак сутига лозим даражада қондиришни, неча ойлик ва қайси ёшдалигига қараб нима овқатлар бериш тартибларини қайта-қайта тушунтиришга тўғри келди.

 

Зайниддин ТОЖИБОЕВ,

Болалар миллий тиббиёт маркази нефрологи:

– Болалар касалликларини замонавий стандартлар асосида даволаш бўйича пойтахт тажрибаларини Наманганда татбиқ этишга қаратилган маҳорат дарс­лари ғоят қизғин ва фойдали бўлди. Айни пайтда бу ерда жаҳон андозаларига мослаштирилган терапевтик даволаш усуллари, ҳамкасбларимиз фаолиятидаги ибратли жиҳатлар билан яқиндан танишдик.

Қабул жараёнларида шунга амин бўлдимки, болалар нефрологик касалликлари нисбатан Наманганда бир оз кўпроқ учрайди. Шундай гўдакларнинг ота-оналари билан гаплашганимда улар қариндош бўлишганини айтишди. Тўғри, нефрологик хасталикнинг бир неча омиллари бор. Аммо уларнинг ичида кучли таъсирга эгаси қариндошлик никоҳларидир. Бу муаммони оммага етказиш ғоят муҳим. Шу билан нефрологик касалликларни камайтириш мумкин.

 

Бегали СОИТОВ,

Болалар миллий тиббиёт маркази гематоонкология бўлими шифокори:

– Мамлакатимизда болалар тиббиёти йилдан-йилга ривожланиб боряпти. Бу борада республика ихтисослаштирилган тиббий марказлар мутахассисларининг вилоят, шаҳар, туманларда профилактика, ташхис ва даволашнинг самарадор шаклу услублари, тажрибаларини жорий қилишга сафарбар этилаётганлиги аҳамиятлидир. Бу галги ташрифимизда ҳам вилоят болалар шифокорларига илмий-амалий ёрдам бердик. Даволанаётган 30 нафар бемор ўғил-қиздаги ўзгаришлар обдон таҳлил этилиб, ҳар бирини соғломлаштиришни тезлатиш юзасидан қўшимча даво чоралари белгиланди. Дунё миқёсида қўлланилаётган янги даволаш, хусусан, дориларни юборишнинг натижадор усулларини биргаликда қўлладик. Мисол учун, марказий венанинг коттеризацияси, кимопорт, переферик киритилмалар ҳақида ўқув семинарлари ўтказдик. Иккита ҳолатда дунё стандартларига мос равишда суяк кўмигини морфологик текшириш бўйича маҳорат дарслари ўтдик.