Чуст туманининг сўлим гўшаларидан бўлган Ғова қишлоғида 22 май куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан "Ўзбекистон тиббиёти – инсон қадри учун" шиори остида ўтказилган тиббий тадбирдан аҳоли ғоят мамнун бўлди.

Шу куни "Юқори" МФЙ ҳудудидаги "Меҳржон" болалар ёзги оромгоҳида ташкилланган соғ­ломлаштириш жараёнига вилоятимиздаги 14 та ихтисослаштирилган марказларнинг малакали мутахассислари сафарбар этилди. "Юқори", "Ғовасой соҳили", "Тинчлик", "Янги ҳаёт", "Варзигон" МФЙларидан келган меҳнат фахрийлари, болалар, ёшлар, хотин-қизлар тиббий текширувлардан ўтишди ва шу ернинг ўзида тажрибали мутахассислардан даволаниш бўйича керакли тавсияларни олдилар. Биокимёвий лаборатория тўплами, УТТ, ЭКГ каби замонавий тиббий аппаратлар ҳамда кўз касалликларига ихтисослашган "мобиль поликлиника" ҳам олис ҳудудда яшовчилар хизматида бўлди.

Шу ҳудудда жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 49-оилавий поликлиника ҳамширалари кўрикка келганларнинг тиббий варақасини шакл­лантириб, шу асосда шифокорларга йўналтириб турдилар.

Кардиолог, эндокринолог, уролог, маммолог, ЛОР, офтальмолог, терапевт, аллерголог ва бошқа соҳа мутахассислари саломатлигида ўзгариш сезилган фуқароларга даволаниш учун маслаҳат ва кўрсатмаларини бердилар. Касаллик аниқланганларга вилоят шифохоналарида стационар даволаниш ва диагностик текширувлардан ўтиш­лари учун йўлланмалар тақдим қилинди.

– Қандли диабет билан шифокор назоратида тураман, – дейди 69 ёшли Махпират Турғунова. Шу кунларда бот-бот юрагимда санчиқ сезаётгандим. Тиббий кўрик мен учун жуда манфаатли кечди. Боиси, кар­диолог, невропотолог каби шифокорлар қабулида бўлдим, керакли муолажаларни ёздириб олдим.Эндокринолог врач ҳам керакли тавсияларини бериб, муолажани давом эттиришимни, дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилишимни маслаҳат берди. Яратилган имкониятдан жуда-жуда миннатдормиз.

Ўз навбатида, тиббий тадбирда соғлом турмуш тарзи қоидалари, соғлом овқатланиш тамойиллари, жисмоний фаолликнинг фойдали жиҳатлари ҳамда зарарли одатларнинг саломатликка салбий таъсири тўғрисида ҳам тарғибот ишлари олиб борилди. Соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича ташкилланган кўргазма барчада катта таассурот қолдирди.

Манзура ЭРГАШЕВА.