Эрталабдан муҳташам ва маҳобатли маскан томон кела бошлаган меҳмонларнинг қўлларида гул, кўнгилларида қадрдонлар дийдорига ошиқиш. Наманганлик касбдошлар мезбонлик мулозаматини беҳад жойига қўйиш ҳаракатидалар. Ахир 1974 йилда Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсилни якунига етказиб, эл саломатлигини сақлашдек эзгу юмушга киришган, ҳозирда пенсия ёшида ҳам тиниб-тинчимаётган шифокорлар узоқ-яқиндан ташриф буюришяпди-да.
Таниқли гинеколог-жарроҳ Тошпўлат Абдукаримов ва унинг тенгдош ҳамкасбларининг ҳам қўллари кўксида. Дўсту қадрдонларига қучоқларини очганча пешвоз чиқишмоқда. Ниҳоят Фарғона водийсидан, пойтахт вилоятдан, воҳалардан, Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган собиқ курсдош, касбдошлар ичкарига таклиф қилиндилар. Улар тўкин безатилган зиёфат дастурхонлари атрофига ўтирдилар.
Анжуманни наманганлик таниқли шифокор, Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорова билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар меҳмонларга иззат-эҳтиром кўрсатган ҳолда самимий дил сўзларини изҳорлаб, бошлаб беришди.
"Ўзбекнаво" ижодий бирлашмаси санъаткорларининг дилрабо куй ва қўшиқлари авжланганидан авжланди. Дийдорлашувдан нафақат тенгқурлар, айни маҳалда уларнинг устозу шогирдларигача тўлқинланиб ўтиришди. Вилоятимиз акушер-гинекологларининг кекса авлоди вакиласи сифатида Зарифахон Қосимова қалб қувончларини шогирдларию, меҳмонлар билан баҳам кўрди.
- Мен 1960 йилдан фаолият кўрсатган бўлсам, шогирдим Тошпўлат кейинчалик изимдан борди, - деди мамнуният билан ая. - Кечаю-кундуз элу-юртга фаол хизмат қилиб, минглаб оналар ва болалар саломатлигини сақлаб қолишдек савоб ишнинг ҳали ҳанузгача уддасидан чиқиб келмоқда. Бугунги тадбир эса наманганлик шифокорларнинг бутун республикада ажойиб ҳамкасблари, қадрдонлари борлигини кўрсатиб турибди. Ҳаммангизга узоқ умру бахту саодатлар тилайман!
Намангандаги 1-шифохона врачи Тоҳиржон Бойдедаев эса шогирдлар номидан устозларга эҳтиром кўрсатди. Улардан ибрат олиб, ҳамиша энг яхши анъаналарини давом эттириш бахтига муяссарлигидан фахрланиб гапирди.
Шундан сўнг "Наманган кеча ва бугун" видеоролиги намойиш этилди. Меҳмонлар гўёки шаҳарни сайр этиб, бу гўшадаги беқиёс бунёдкорликларни, мафтункор манзараларни, халқимизнинг ҳайратона ҳаракатларини худди бориб бирга-бирга юриб кўргандек мароқланишди.
Наманганлик собиқ курсдошлар сафида ўтирган лор врачи Ботиржон Садриддинов учрашувдан тўлқинланиб, ўзининг янги шеърини ўқиб берди:
Гуллар шаҳри Наманганда
Файзга тўлди "Шодиёна".
Касбдошлар учрашганда
Меҳр бўлди зўр тўёна.
Кеча-кундуз қилиб хизмат
Яшадингиз сиз беармон.
Кўраяпсиз эъзоз, иззат,
Дуодасиз доим ҳар он.
Аллоҳ назар қилган Ватан
Яшнамоқда гулдай гўзал.
Халқ бир жон, халқ бир тан,
Тилимизда шеъру ғазал.
- Ғоят гўзал шаҳрингиз бор экан, - дея таъкидлади тошкентлик тиббиёт фанлари доктори Мирҳаким Азизов. - Бугун Ўзбекистонда тиббиёт тараққиёти учун катта хизмати синган касбдошлар тўпланиб, шундай юрт фуқароси эканлигимиздан беҳад фахрланяпмиз. Илоҳим, юртимизга асло кўз тегмасин!
- Биз ўтган ҳафта вилоятимизнинг Нанай қишлоғида дўстимиз Маҳмуджон Алибоевнинг хонадонида меҳмон бўлгандик, бугун эса бу ерда кўнгилларимиз яйраяпти,-деди Фарғонадан ташриф буюрган Давронбек Санаев.- Наманган таниб бўлмас даражада ўзгарибди. Бунёдкорлигу ободончиликларга гап йўқ!
- Гуллар диёридан ўзгача таассуротлар олдик,-дейди бухоролик фахрий шифокор Латифжон Атамуродов.- Меҳр-оқибатли дўстларимизнинг дастурхонидан ҳамиша файзу барака аримасин!
Эзгу тилаклар тадбир якунигача тинмади. Барча бирдай яйради. Дийдор ширинлигини яна бир бор ҳис этишди. Шундай дамларда ораларидан бевақт кетган ҳамкасб қадрдонларни ёдга олишди. Уларнинг сиймоси слайд орқали экранда намойиш қилинди. Номлари тилларда зикр этиб турилди. Бир дақиқа эсланиб сукут сақланди.
Дийдор ғанимат, дийдор бебаҳо. Юракларни энтиктирувчи бетакрор онларда собиқ курсдошлар гуруҳ-гуруҳ бўлишиб суратларга тушишди. Учрашувдан эсдалик сифатида расмлар ҳар бирларига тарқатилди.
"Кексаларни эъзозлаш йили"да 65 ёшни қарши олиб, 70 сари бораётган саломатлик посбонлари учун "Шодиёна"даги шодиёна бир умр эсда қоларли тадбир сифатида якунланди. Шоир Рудакий ёзганидай:
Жаҳон шодликлари йиғилса бутун
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.