Президентимиз Наманганга навбатдаги ташрифлари чоғида устувор вазифаларни белгилаб, жумладан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, саломатликка оид билим ва тушунчаларини бойитиш муҳимлигини таъкидлаган эди. Яқинда вилоятимизнинг қатор ҳудудларида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассислари маҳаллий шифокорлар учун Юртбошимиз билдирган йўл-йўриқларни амалга оширишга қаратилган "маҳорат дарси" ўтдилар.

Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари вакиллари вилоят маданият марказида жам бўлдилар.

Анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очиб, соғлом турмуш тарғиботи, фуқароларнинг тиббий маданиятини шакллантириш тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишнинг муҳим шарти эканлигига эътибор қаратди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарғиботини олиб борадиган тиббиёт ходимларининг ўзлари етарли билим ва тушунчага эга бўлишлари лозим. Вилоятда ташкилланган ҳудудий анжуманлар ана шу мақсадга йўналтирилган бўлиб, соҳа вакилларига маҳорат сабоқлари беришдан иборат эди.

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти раҳбари ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нодира Алихонованинг "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" мавзуидаги маърузаси зўр қизиқиш билан тингланди. Олима ҳар икки омилнинг инсон саломатлигида тутган ўрнини кўп йиллик изланишлари ва амалга оширилган тадқиқотлар асосида изоҳлаб ўтди.

Нодира Шавкатовна соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлар билан курашиш, стрессни енгиш қобилияти, кун тартибига риоя этиш юзасидан тавсиялар берди. Юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш учун уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларига қарши курашиш муҳимлиги айтилди. Юрак қон-томир, саратоннинг баъзи турлари, қандли диабет ва сурункали нафас олиш касалликларининг олдини олишга доир кўрсатмалари билан ўртоқлашди.

Нотиқнинг қайд этишича, юқумсиз касалликлар дунёда энг кўп тарқалган ўлим сабабчисидир. Бу хасталиклар одамдан одамга юқмайди. Аммо улар узоқ давом этади ва аста-секин зўрайиб боради. Ҳар йили юқумсиз касалликлардан 40 миллион нафардан ортиқ бемор ҳаётдан кўз юмади. Бу барча ўлим кўрсаткичларининг тўртдан уч қисмига тўғри келади.

Маъруза чоғида юртимиздаги вазият ҳақида ҳам тушунча берилди ва тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифаларга эътибор қаратилди. Биринчи навбатда, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш муҳимлиги уқтирилди. Касалликларнинг олдини олиш ва даволашда қўлланиладиган замонавий технология­лар, айниқса диагнос­тикада мобил қурилмалардан самарали фойдаланиш усуллари ўргатилди.

Касалликларнинг олдини олишда соғлом овқатланиш талабларига риоя этиш ғоят муҳимдир. Шу билан бирга жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан тийилиш даркор.

– Ҳар бир инсон соғлом ҳаёт кечиришни хоҳлайди. Бунинг учун турмуш тарзини тиббий талабларга ҳамоҳанг йўналтириши лозим. Яъни, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этиш жуда муҳим. Қолаверса, жисмоний фаоллик тамойилига амал қилиш зурурлигини сира унутмаслик керак. Мана шу омиллар муштарак бўлсагина соғ-саломат юриш ва узоқ умр кўриш кафолатланади, – деди тиббиёт фанлари доктори Нодира Алихонова.

Шу куни саломатлик сабоқлари машғулотлари бутун вилоятимизни қамраб олди. Худди шундай ўқув анжуманлари Уйчи, Чуст ва Янгиқўрғон туманларида ҳам ўтказилди. Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти етакчи мутахассислари Лола Саидова, Гулзода Акромова ва Феруза Тоҳировалар соғ­лиқни сақлаш тизими ходимлари ва маҳаллалар фаоллари ҳузурида маъруза қилдилар.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залидаги тадбирга эса вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларида хизмат қилаётган эндокринологлар ва кардиологлар таклиф этилди. Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти раҳбари ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нодира Алихонова бу галги чиқишида соғлом турмуш тарзи, эндокрин ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ҳамда самарали даволаш юзасидан мулоҳаза юритди.

Мулоқот чоғида қатнашчилар тадқиқотчи мутахассислардан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Соғлом турмуш кечириш фаровонлик омили. Унга эришиш учун нафақат тиббиётчилар, балки аҳолининг барча қатламлари астойдил интилишлари керак. Бу эзгу мақсад ёшлардан тортиб кексаларгача бўлган барча инсонларнинг дилига жо бўлиши ғоят муҳимдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.