"Бошқарувчилар мактаби" циклининг водий машғулотларида янада бойитилди
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонуни, Соғлиқни сақлаш вазирининг профессионал бошқарувчилар стратегик заҳирасини яратиш, қайта тайёрлаш, малака ошириш самарадорлигини тубдан яхшилашга оид буйруғи ва кўрсатма хатига биноан 2024 йилги "Бошқарувчилар мактаби" мавзуий малака ошириш ҳудудий цикллари ўтказилмоқда. Дастлаб Самарқанд (Самарқанд, Навоий, Бухоро) ва Қарши (Қашқадарё, Сурхондарё)да мавзуий малака ошириш ташкилланган бўлса, циклнинг навбатдаги машғулотлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида амалга оширилди. Унга Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ҳамда туман-шаҳар бирлашмалари раҳбарларидан иборат 130 нафар тингловчи жалб этилди.
Машғулотларни Тиббиёт ходимл
ари касбий малакасини ривожлантириш марказининг "Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш" кафедраси профессори, тиббиёт фанлари номзоди Дамин Асадов бошчилигида доцентлар – Отабек Ҳамроев, Валихон Ҳакимов, Рамз Муҳаммадиев, катта ўқитувчи Темур Ариповлар олиб бордилар.
Кафедра ассистенти Шоҳида Насимова координаторлигида амалга оширилган таълим жараёнининг назарий машғулотларида тизимга оид раҳбарий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, ҳуқуқий асослар, оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасини такомиллаштириш, тармоқлар ва йўналишлар бўйича бошқарув тажрибалари, коррупцияга қарши кураш, кафолатланган тиббий хизмат, самарали халқаро ҳамкорлик, молия ишлари каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Семинар ҳамда амалий дарслар тиббиёт муассасалари фаолияти, вилоят шифохоналарининг трансформацион йўналишлари таҳлили шаклида олиб борилди. Якунда тингловчилар масофавий тест синовлари ва ёзма имтиҳон топширдилар.
Раҳбар-шифокорлар тингловчилар таркибини кенгайтириш, таълим ҳажмини ошириш, циклни ҳар йили ташкил қилишга оид таклиф-мулоҳазалар билдириб, мазкур анъана етакчиларнинг узлуксиз касбий таълимини янада такомиллаштириш, соҳа трансформацияси натижадорлигига хизмат қилишини таъкидладилар. Шунингдек, улар кафедра доценти, тиббиёт фанлари доктори Валихон Ҳакимов назорати остида олиб борилган машғулотлар мазмун-моҳияти, таъсирчанлиги билан юксак аҳамият касб этганлигини қайд этиб, бой назарий ва амалий билим, тажриба эгаллаганликлари учун чуқур миннатдорчилик билдирдилар.
Камолиддин РАҲМОНОВ,
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори, тиббиёт фанлари доктори:
– 18 йил Москвада ишлаб, Янги Ўзбекистон тиббиётидаги янгиланишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ватанимга қайтдим. Раҳбарликка қўйилганимга бир йил ҳам тўлмаган. Шу жиҳатдан малака ошириш мен учун айни муддао ва катта мактаб бўлди.
Сайёр цикл ҳар жиҳатдан янгича фикрлашга ўргатди, раҳбарлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари соҳама-соҳа батафсил тушунтирилди. Масъул сифатида қайси йўналишда, қандай фаолиятни қай тариқа йўлга қўйиш, ходимлар фаоллиги ва ташаббускорлигини таъминлашнинг илмий-амалий сир-асрорларини ўргандик.
Амалий машғулотларда қўшни вилоятлардаги касбдошларим билан тажриба алмашдик. Наманганлик кардиологларнинг фаолияти ғоят ибратли. Иш юритиш, бошқарув услубларидаги тажрибаларни ўзлаштирдик. Улар билан тажриба алмашувлар ҳақида келишиб олдик. Сайёр цикл ташкил этилганидан беҳад мамнун бўлган ҳолда, жараён келгусида ҳар бир вилоятда ташкилланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яъни оғир беморлар кўруви, тиғиз муолажаларга халал бермаган ҳолда малака оширишга ҳам эришиларди.
Мухтасар ЭРГАШЕВА,
Андижон вилояти Балиқчи ТТБ бошлиғи:
– Аксар бошлиқларнинг бухгалтерия соҳасида чуқур тушунча, амалий тажрибага эга бўлмагани бошқарувда қийинчилик туғдирарди. Маъруза ва семинарларда ҳисоб-китоб ҳақидаги аниқ, лўнда ва тушунарли сабоқлар ана шу камчиликдан қутултирди. Йиллик смета лойиҳасидаги маблағларни қай тартибда, қандай асосларга кўра сарфланиши, харажатларни қайд этиш ва асослаш қоидаларини яққол тушуниб олдик.
Ҳамкасбларим каби менда ҳам шундай режа туғилди: туманга бораман-у, тизимга оид қонун, фармон ва қарорлар, давлат дастурлари бўйича нималар қилдигу нималарга етарли эътибор қаратилмаганини чуқур таҳлил қиламан, изчил мониторингни йўлга қўяман. Бу жамоани мақсадли йўналтиришнинг энг муҳим ричаги.
Ҳафта давомида Наманган шифохоналари мисолида замонавий бошқарув шаклларини ўргандик. Масалан, Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида юксак даражадаги бошқарувни кўрдик. Оқилона раҳбарлик натижаси ўлароқ касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш сифат ва самарадорлиги, юқори технологияли муолажалар салмоғи ортиб бормоқда.
Қаерга бормайлик, тиббиётчи-ю беморлар учун хориждагидан кам бўлмаган шароитлар яратилгани, озода ва шинамлик, кўкаламзорлаштириш, эстетик завқ берувчи дизайн, айниқса, врачлар ва ҳамширалар одобу маданиятига ҳавас қилдик. Зеро, бу фазилат шифокорнинг энг муҳим даво воситасидир.
Шоҳидбек НИШОНОВ,
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди:
– Раҳбар кучли, намунали врач бўлишининг ўзи жуда-жуда камлик қилади. У молия-иқтисод, моддий-техника, бозор муносабатлари, руҳшунослик, сиёсат, тиббий статистика ва социология, қурилиш, маркетинг, ахборот-технологиялари, техник воситалар билимдони бўлиши ҳам керак. "Бошқарувчилар мактаби" устозлари бу сифатларга эга бўлмай туриб, муассаса ёки бошқарма фаолиятини муваффақиятли юритиш мушкуллигини асослаб бердилар.
Катта қизиқиш билан тингланган коррупцияга қарши кураш ҳақидаги маърузаларда ҳам ўта муҳим сабоқлар берилди. Раҳбарлик қилаётган жамоаларимизда мазкур иллатга йўл қўймасликнинг ҳуқуқий, услубий, назарий ва амалий йўл-йўриқларини қатъият билан қўллаш орқали, фаолият шаффофлиги, беморлар ишончини таъминлаймиз. Индивидуал психологик омилларга алоҳида эътибор қаратиш билан ходимлар руҳиятини ўрганиш, уларнинг самарали ишлашга ундовчи ёндошувларни қўллаш бошқарувнинг ажралмас қисми эканлигини тушундик.
Дилшодбек АКБАРАЛИЕВ,
Янги Наманган ТТБ бошлиғи:
– Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовдан жуда ҳам миннатдормиз. Чунки ҳудудларда сайёр малака курслари жорий этиш ҳақидаги таклиф-ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, малака ошириш тизимида янги йўналиш – циклли ўқувлар йўлга қўйилди. Бошқарувга оид жуда кўп билим ва малакалар эгалладик. Айниқса, жорий этилаётган янгиликларни, масалан, кафолатланган пакет нима, давлат тиббий суғуртаси, суғурта полиси, мажбурий суғурта аҳамиятини янада аниқ тушундик ва татбиқ этиш механизмларини билиб олдик.
Устозлар ғоят муҳим вазифаларни белгилаш ҳам бошқарув санъатига кириши, бу хусусият муаммоларнинг олдини олиш, ютуқлар омили бўлишини тайинладилар. Бу – тўғри режалаштириш дегани бўлади. Баҳсларда ходимларга нисбатан мавқепарастлик билан қаттиққўллик қилиш, камчиликка йўл қўйса, интизомий жазога тортавериш жамоада носоғлом муҳит пайдо қилишидан огоҳлантирдилар. Ташаббускорлик қўллаб-қувватланиши керак. Ҳар бир ходим раҳбарнинг эътиборини ҳис этиб фаолият олиб борса, хато-камчиликлар содир этмасликка интилади, яхши фаолияти эътироф этилиши, рағбатлантирилишига умид билан ишлайди.