Наманган шаҳридаги 2-сонли Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида 5 май – Халқаро доялар куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Анжуман Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ва Ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ҳамда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасаси вилоят филиали вакиллари иштирокида ташкилланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов йиғилганларни табриклаб, хайрли ишларида омадлар тилади.
РИОБСИАТМ вилоят филиали жонлантириш бўлими вакиллари томонидан саҳналаштирилган кўринишларда репродуктив саломатлик, оналарни ҳар томонлама эъзозлаш, соғлом турмуш тарғиботи ўз ифодасини топди. Куй ва қўшиқларда эса соғлом ҳаёт тараннум этилди.
Маълумки, вилоятимиз тиббиёт тизимида 1600 нафардан зиёд доя иш олиб боради. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратини ошириш диққат марказида. Тадбирда соғлом авлодни вояга етказишда ҳамкасбларига ибрат кўрсатаётган 16 нафар ходим Фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дастурнинг "Маҳорат сабоқлари" қисмида акушер-гинекологлар – Гулнора Ҳайдарова ва Мафтуна Эргашеваларнинг "Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари" ҳамда "Замонавий контрацепция воситалари" мавзуидаги маърузалари тингланди.
Байрам тадбирида иштирок этган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Васила Тожибоева, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кангаши раиси Аббосхон Мамадалиев, РИОБСИАТМ вилоят филиали раҳбари Райҳона Даминова ва бошқалар барчани халқаро сана билан қутладилар. Эл саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги хайрли ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.