Ҳаётдан, меҳнат жамоасидан ўз ўрнини топиш осон эмас. Агар инсон муносиб касбда, муносиб жамоада, муносиб хизматда бўла олса, у чинакамига саодатга эришади. Фельдшер Манзура Абдусамадовна Мамадалиева ҳам ана шундай бахти баркамол аёллардан саналади. Шунинг учун бир муассасада салкам чорак аср ҳалол ва фаол хизмат қилмоқда.

У вилоят ОИТСга қарши кураш марказига келгунича 6 йил Наманган шаҳар 1-поликлиникаси ҳамда вилоят Қизил ярим ой жамиятида ҳамширалик қилган. 1998 йилдан ҳозирги жамоасининг обрў-ҳурмати баланд ходимаси. Ахир, ўтган йилги Тиббиёт ходимлари байрамида Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг "Ўзбекистон Республикаси соғ­лиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони бежиз берилмади. Чунки, тиббиётчилар ҳам, марказ ҳисобида турувчи беморлар ҳам Манзурахоннинг манзур фазилатларидан, хизматларидан ҳамиша хурсандлар.

Марказ поликлиника бўлими фельдшерининг ўзи мамнуният билан эътироф этишича, у ҳозиргача бир неча раҳбар билан ишлабди. Зокиржон Ҳожимирзаев, Донохон Убайдуллаева, Муҳаммаджон Ашурматов, Рустамжон Ҳамроқулов, Раҳмонжон Абдуллаев ва ниҳоят Аъзамжон Раҳимовларнинг номларини мамнуният билан тилга олди. Ўтган вақт мобайнида марказ йилдан-йилга ривожланганини қайта-қайта таъкидлади. Авваллари беморларнинг қони таҳлил учун музлатгичли сумкада пойтахт Тошкентга юборилиб, ВИЧ вирусини тасдиқловчи маълумоти 3-4 кунлаб кутилган бўлса, эндиликда бунга асло ҳожат йўқлигини, барча лаборатория таҳлиллари шу ернинг ўзида замонавий аппаратларда амалга оширилаётганини, давлатимиз инсон саломатлиги учун катта ғамхўрлик қилаётганини кўнгли миннатдорлик туйғуларига тўлиб-тошиб айтди.

Биз Манзура Абдусамадовнанинг хонасига кирганимиздаёқ нигоҳимизни жавон пештахталарига дид билан териб қўйилган дори-дармон қутилари тортди. Буни дарров пайқаган фельдшер сўрамасимизданоқ изоҳга оғиз очди.

– ОИТСга чалинганларга зарур дори-дармонларни бепул тар­қатамиз. Вилоятимизнинг шаҳар-туманларида яшовчилар тўла давлат таъминотига олинганлар. Вирусга қарши дорилар узлуксиз етказиб турилади.

Коридорда нотаниш эркакка дуч келдик.

– Мен Учқўрғон туманиданман, -деди у беихтиёр бизни газета таҳририятидан келганимизни билиб. -Опа биздақаларнинг дилини сира-сира оғритмайдилар. Аксинча, очиқ чеҳра, ёқимли муомала билан ҳол-аҳволимизни сўрайдилар. Нима фойда-ю, нима зарарлигини уқтирганлари-уқтирган. Умидбахш сўзларининг ўзиёқ руҳиятимизни тетиклаштириб, юборади. Бахтимизга доимо омон бўлсинлар!

Оқ халатли, хушчеҳра тиббиётчи Манзурахон аянинг ҳаётда омади кулган. 90 ёшли падари бузрукворлари бор, бирга яшашади. Ҳар куни Абдусамад ота Мамадалиевдан оқ фотиҳа олиб, эл хизматига ошиқади. Кечки пайт эса меҳрга муҳтож инсонларга нажот улашаётганидан кўнгли тўлиб, уйга мамнун кайфиятда қайтади. Бундан ортиқ толе табассуми қаерда бор.