Биз ҳамшира деганда дарров даволаш муассасаларида хизмат қиладиган оқ халатли хотин-қизларни кўз олдимизга келтиришга одатланганмиз. Аслида улар ичида шифохона ёки поликлиникада эмас, бошқа тармоқ жамоаларида ишлайдиганлари ҳам бир талай. Лекин зиммаларидаги вазифалари нозик ва муҳим. У ҳам бўлса, саломатлик посбонлиги масъулиятининг юксаклигида. Дилдорахон Ҳамроқулова ана шундай тоифадаги тиббиёт ходимларидан биридир.
Қарийб 24 йилдан буён ҳамшираликда фаолият юритиб келаётган бу аёл ҳаётидан жуда-жуда мамнун. Касбини пухта ўзлаштирган, муомаласи мулойим, барчага бирдай меҳрли. Айниқса, ҳозирда хизмат қилаётган Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби ўқитувчиларининг ҳам, ўқувчиларининг ҳам ихлоси ва ҳурматини қозонган. Қачон қараманг, беминнат хизматда.
Бир қарашда мактаб ҳамширасининг иши оддий туюлади-ю, аслида даволаш-профилактика муассасаларидаги касбдошлариникидан ҳам мураккаброқ, масъулиятлироқ, десак ҳам хато эмас. Негаки, фаолияти серқирра. Аввало, умумжамоа саломатлиги барқарорлигини таъминлаш бўлса, бунинг учун астойдил жон куйдириб бажарадиган юмушлари бир талай. У мактабнинг 150 дан зиёд ўқувчилари саломатлигини назоратда тутади, муҳофаза қилади. Улар ўртасида юзага келиши эҳтимоли мавжуд касалликларнинг олдини олади. Болалар учун санитария-гигиена меъёрларига мос келадиган шарт-шароитлар муҳайёлигига эришиш ҳаракатида юради. Кўрсатилаётган биринчи тиббий ёрдамнинг сифати ва самарадорлигини оширишга доимий эътибор қаратади.
Мактаб ўқувчилари ётоқхонасининг озодалиги-ю, ошхонасида санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилинишигача ҳамширанинг кунлик диққат марказида туриши керак. Бундан ташқари турли касалликларга қарши эмлашларни вақтида тўла-тўкис бажариши шарт. Дилдорахон барчасига улгуради. У яхши биладики, салгина бепарволик болалар касалланишига ёки фавқулодда ҳодисалар, яъни масалан, овқатдан заҳарланишга, грипп асоратидан озор чекишига олиб бориши мумкин. Шунинг учун уни гоҳ ётоқхонани назорат қилаётган, гоҳ ошхона овқатлари сифатини кўздан кечираётган, гоҳ ўқувчилар ўртасида юқумли хасталикларга чалинмаслик талабларини тушунтираётган пайтда учратамиз.
– "Тиббиёт хонаси" ўқитувчилару ўқувчилар учун нажот маскани, -дейди муаллима Роҳилахон Воҳидова. – Бу ерда биринчи ёрдам учун зарур дори-дармонлар етарли. Энг муҳими, ҳамишрамиз Дилдорахон нафақат тиббий текширувдан ўтказади, зарур маҳалда эмлаш муолажаларини амалга оширади, қимматли маслаҳатларини аямайди. Шундай ҳамширамиз борлигидан ғоят фахрланамиз.
Дарвоқе, Дилдоранинг очиқ чеҳраси, катта-кичикка меҳрибонлиги отаси Абдубанно Ваҳобов ҳамда онаси Зиёдахон Ваҳобовалардан ўтганини яхши биламиз. Улар икки ўғилу икки қизни Ватанига, халқига садоқат билан хизмат қилишга йўллашган. Бугун эса ортларидан олқишлар ёғилгани-ёғилган. Чунки эзгуликка тўла қалбли фарзандлар ота-оналари руҳини элдан дуолар олиш билан шод этишга мушарраф бўлишаверади.
Содиқ САЙҲУН.