Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ҳамширалар ассоциацияси ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши ижроия қўмитасининг қўшма қарорига биноан вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларида 15 та номинацияда "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" кўрик-танлови ўтказилди. Касбий беллашувларда 129 нафар номзод иштирок этди. Вилоят босқичи қатнашувчиларининг 15 нафари биринчи, 19 нафари иккинчи, 22 нафари учинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши залида ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ғолибларни қизғин табриклаб, барча иштирокчиларнинг фидокорона фаолиятини эътироф этди. Юқори ўрин эгалари махсус диплом, қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши раиси Ҳасанбой Хожаев, тармоқ Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев иштирок этдилар ва мамлакат босқичида қатнашувчиларга муваффақият тиладилар.
Тақдирланганлар ташкилотчиларга чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, байрамолди тадбирлари Президентимизнинг соғлиқни сақлаш вакиллари билан ўтказилган тарихий очиқ мулоқотда "Кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантириш – халқпарвар давлатнинг энг асосий вазифаси" номли маърузасида белгиланган устувор мақсадларни амалга оширишда рағбатлантирувчи омил бўлаётганлигини таъкидладилар.
– Биз, истиқлол даври тиббиёт ходимлари энг бахтли шифокорлармиз, – дейди "Йилнинг энг яхши дояси" номинацияси ғолиби, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали дояси Сайёра Каримова. – Бугун соғлиқни сақлаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Соҳа ходимлари қадр-қиммат топяпти.
Муҳтарам Президентимизнинг "Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги тарихий қарорлари тараққиёт истиқболларини белгилаб берди. Шу асосда филиалимизда хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказиб, даволаяпмиз. Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларнинг молекуляр тиббий-генетик текширувлари йўлга қўйилди. Ирсий касаллиги мавжуд болалар махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Соғлом оилани режалаштириш ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўриляпти. Ана шу серқирра, масъулиятли ва ғоят шарафли ишларга муносиб ҳисса қўшиш энг муқаддас мақсадим ва маслагимдир.
"Йилнинг энг яхши болалар ҳамшираси" йўналиши ғолиби, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кўз касалликлари бўлими ҳамшираси Муаззам Жўраева ўзи ва касбдошлари муваффақиятининг пойдевори – бу, муассасанинг халқаро андозалар асосида такомиллаштирилгани, яратилган замонавий шароитлар ва рағбатлар эканлигини таъкидлади:
– Ҳамшира бўлганим, мамлакатимизда пешқадам вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ишлаётганимдан фахрланаман. Боиси марказимизда болалар касалликларининг асосий йўналишлари – режали хирургия, педиатрия, кардиоревматология, отоларингология, аллергология ва пульмонология, ортопедия ва травматология, неврология, гематология, ўсмир қизлар гинекологияси, кўз касалликлари, гастроэнтерология, нейрохирургия, кадиохирургия, чақалоқлар хирургияси бўйича юқори технологияли диагностика, даволаш ва профилактик ишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. 12 та даволаш, 11 та ёрдамчи бўлимлардаги жонкуяр ходимларнинг сидқидил фаолияти туфайли йилига 23 минг атрофида бемор болалар соғломлаштирилмоқда. Маслаҳат поликлиникаси томонидан 14 мингга яқин бемор қабул қилиниб, муолажаларга йўналтириляпти. Давлатимиз ёрдами, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар болажонларимизни ҳар қандай дарддан халос этиш имконини бермоқда. Соғлиқни сақлаш тизими фаолияти ҳар қачонгидан кенг кўлам касб этган бир шароитда ўрта тиббиёт ходимларининг ҳалол ва фаол хизматлари сифат ва самарадорлик омили бўляпти. Марказимиздаги 270 дан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари ҳам раҳбаримиз эътирофларига муносибдирлар. Улар сафида ишонч ва эътибор қозонаётганимдан жуда қувонаман.
Танловнинг 15 та йўналиши ғолиблари республика босқичида иштирок этадилар. Улар мамлакат миқёсида ҳам ғалаба қозонишларига тилакдошмиз.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.
"ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЎРТА ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМИ"
республика танловининг Наманган вилояти босқичида биринчи ўринни қўлга киритган
ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари
Йилнинг энг яхши ҳамшираси
Раҳмонбердиева Альфия Таштемировна – Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши тиббий бригада ҳамшираси
Мирзомиддинова Моҳидил Обиджоновна – Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси 33-оила поликлиникаси ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши муолажа ва эмлаш ҳамшираси
Қурбонова Феруза Абдуваҳобовна – Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси терапия бўлими ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши операция хонаси ва блоки ҳамшираси
Акбарова Нияра Илҳамовна – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам станцияси ҳамшираси
Жўраева Мукаррам Муҳамаджоновна – Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали Косонсой тумани тез ёрдам бўлими ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши шошилинч ёрдам ҳамшираси
Ахунова Иқбол Ботировна – Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч қабул бўлими ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши катта ҳамшираси
Саттарова Мунира Ғафуровна – Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси 59-сонли оила поликлиникаси ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши дояси
Каримова Сайёра Эркиновна – Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши лаборанти
Болтаева Соҳибахон Насимжоновна – вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази лаборанти.
Йилнинг энг яхши соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси
Бердалиева Гулжамол Роҳаталиевна – Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Поп тумани бўлими ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши фельдшери
Абдуллаев Абдуқаҳҳор Абдуқодирович – Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси фельдшери.
Йилнинг энг яхши фармацевти
Акбарова Мияссархон Камолидиновна – Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси фармацевти.
Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ўрта тиббиёт ходими
Бўтаев Ҳасанбой Бозорбоевич – вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Янги Наманган тумани бўлими ходими.
Йилнинг энг яхши болалар ҳамшираси
Жўраева Муаззамхон Авазбековна – вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси.
Йилнинг энг яхши реанимация ҳамшираси
Парпиева Арифахон Турсунбоевна – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳамшираси.
ҒОЛИБЛАРНИ ЧИН ДИЛДАН ҚУТЛАЙМИЗ!