Биз сиҳатгоҳ бош врачи Аъзамжон Ботиров билан муассаса ҳовлиси-ю, даволаш ва таълим-тарбия масканларини айланганимизда шундай хулоса туйдик. Деярли барча катта-кичик биноларда ҳозирги замон андозаларига мувофиқ реконструкция ва таъмирлаш ишлари сифатли бажарилган. Айни вақтда жадал давом эттирилмоқда. Хоналарнинг эскирган эшик-деразалари акфа русумдагисига алмаштириб борилмоқда. Деворлардан тортиб оёқ остигача оппоқ сирли қопламалар. Озода ва шинам хоналар ёп-ёруғ. Шифокорлар учун тиббий асбоб-анжомлар етарли.
- Муассасамиз вилоятда ягона болалар силга қарши кураш сиҳатгоҳи ҳисобланади, - дейди бош врач. - 160 ўринга эга. Барча туманлардан ҳамда Наманган шаҳридан 4-14 ёшгача болалар махсус йўлланма билан юбориладилар. Улар 5 та гуруҳда уч ой мобайнида даволаниб, билим оладилар.
Сиҳатгоҳнинг икки қаватли мўъжаз мактаби одатдаги таълим-тарбия масканларидан деярли фарқ қилмайди. Аксинча афзаллик томонлари бўлса борки, ҳеч ками йўқ. Ўқув ишлари мудираси Саидахон Дадабоева қарийб чорак асрлик мураббийлик фаолиятига эга. Унинг ўзи шу ерда ўн йилдан буён болаларга ўзбек тили ва адабиётидан машғулотлар ўтказади. 1-синфдан 8-синфгача болаларни ўқитишга масъул бўлган кичик, лекин аҳил ва билимдон педагогик жамоага бош-қош. Турсуной Ғафурова, Мавлонжон Исомиддинов, Сарвархон Мухторовалар бошланғич таълим усталаридир. Сайёра Матқулова инглиз тилини ўғил-қизларга ўргатса, Сайёра Турсунова рус тилини ўқитади. Маъсудахон Бозорова физикадан сабоқ берса, Абдушоҳид Холмирзаев жисмоний тарбия машғулотларини олиб боради.
Сиҳатгоҳ мактабида таълимни тарбия билан уйғун ташкиллашади. Катта етакчи Донохон Холмирзаева болалар ўртасида қатъий тартиб ўрнатса, тарбиячилар - Ҳалимахон Дадабоева, Раънохон Исроилова, Муқаддасхон Мирхолдоршоева, Кимёхон Нишонбоевалар болаларнинг синфдан ташқари бўш вақтини хуш вақтга айлантириш учун тиним билмайдилар. Турли-туман оммавий, бадиий, маданий тадбирларни изчил уюштиришда ҳамкасбларига ҳамиша ўрнак кўрсатишади. Тобора соғайиб бораётган, ўзини бардам ва тетик ҳис этаётган болаларнинг бирор кун ҳам зерикишга йўл қўйилмайди. Бундан айниқса ота-оналар мамнундирлар.
- Ўн бир ёшли ўғлим Олимжонни шу сиҳатгоҳга юборганимиз айни муддао бўлибди, - дейди онаси чустлик Насибахон Мирҳафизова. - Ранги-рўйи яхши. Ўқишлари жойидалигини билиб янада қувондик. Бундай шароит яна қаерда бор. Минг раҳмат меҳрибон шифокору, жонкуяр мураббийларга!
- Қизим Шаҳлохон 2-синфда ўқийди. Буни қарангки, сиҳатгоҳнинг ўз мактаби бор экан. Ҳозир муолажалар олиш билан бирга машғулотларга жалб этилганидан беҳад хурсанд бўлдим, - дейди юзларида табассум балқиб яна бир чустлик аёл Озодахон Усубалиева.
Соғлом авлод - юрт келажаги, юрт таянчи. Истиқлолли Ватанимизнинг дардманд болалари эса беқиёс ғамхўрликлар оғушида яшаб, тўла соғлом ва билимдон бўлиб ўсишлари учун барча имкониятлар муҳайё. Мазкур сиҳатгоҳ жамоасининг ана шундай эзгу мақсад йўлида фаолият юритаётгани доимо диққатга сазовор бўлиб қолаверади.
Содиқ САЙҲУН.