Поромон қишлоғидаги оилавий шифокорлик пунктининг беморларга дармон бўлаётган 32 кишилик аҳил жамоаси ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида астойдил фаолият юритмоқдалар. 50 қатновга ихтисослашган мазкур масканда 4 ўринли кундузги даволаш бўлими ҳам мавжуд.
Шунингдек, қишлоқдаги "Нов", "Оқтепа" ва "Поромон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умргузаронлик қилаётган 7 минг нафардан зиёд аҳоли оилавий шифокорлик пункти жамоасининг беминнат хизматларидан баҳраманд бўлмоқда. Бу ерда малакали шифокорлар юрак-қон томир, нафас йўллари, буйрак касаллигига чалинган барча ёшдаги беморларни самарали даволашяпти. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини яхшилаш мақсадида жорий йил бошида 4 та гуруҳ томонидан ҳар бир хонадон хатловдан ўтказилди. Хатлов жараёнида беморлиги аниқланганлар имкон қадар Поромоннинг ўзида даволаняпти, зарур ҳоллардагина туман шифохонасига йўлланма асосида юбориляпти.
– Ҳудудимиздаги фуқароларни сифатли даволаш мақсадида оилавий шифокорлик пунктимизда тиббий бригада ташкил этганмиз, – дейди мудира Гулбаҳор Маҳмудова. – 2 минг аҳолига битта шифокор, битта амалиётчи, битта доя-патронаж ва иккита ҳамшира хизмат қилиши йўлга қўйилган. Асосан ноинфекцион касалликларни эрта аниқлаш мақсадида скрининг ўтказилмоқда. Инфекцион касалликлар билан оғриган беморлар йўлланма билан туман юқумли касалликлар бўлимига юборилади. Ногиронлиги бўлган беморларга алоҳида имтиёзлар мавжуд.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон учун саломатлик – бебаҳо бойлик. Айни дамда оилавий шифокорлик пунктининг кундузги даволаш бўлимида ойига 50-60 нафар бемор дарддан халос бўлмоқда. Одам соғлом бўлсагина оиласи ҳамда жамиятга фойдаси тегади. Муқаддас бурчини ҳис қилган ҳолда кўп йилдан буён сидқидилдан меҳнат қилаётган катта фельдшер Баҳромжон Йўлдошев, Мунисхон Мирзаева, Гулбаҳор Маҳмудова, Шавкатжон Тиллабоев каби билимдон ва тажрибали врачлар, Соҳиба Мўминова, Турсунхон Тиллабоева, Наргиза Ғозибекова, Ҳулкарой Миржалолова сингари ширинсўз ва меҳрибон ҳамширалар беморларнинг ҳурматига сазовор бўлмоқдалар.
Қамбар ҲАЙДАР.
Янгиқўрғон тумани.