22 апрель куни Намангандаги Абу Али ибн Сино номидаги 2-жамоат саломатлиги техникумида "Ҳамшира-2024" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маълумки, "Ўзбекистон-2030" стратегиясида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган ҳамшираларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш, ютуқларга эришиб келаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар фаолиятини оммалаштириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан мазкур кўрик-танлов ўтказилмоқда.
Вилоятимизда ҳам ушбу кўрик-танловни юксак даражада ташкиллаш чоралари кўрилди. Дастлаб тиббиёт муассасалари, кейинчалик шаҳар ва туманлар босқичлари бўлиб ўтди. Қатнашчилар орасида юқори натижа қайд этган иштирокчилар вилоят босқичида беллашдилар. Жумладан, РИНИАТМ Наманган минтақавий филиали қабулхона ҳамшираси Моҳигул Ривожиддинова, Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси Қайрағочовул оилавий шифокорлик пункти тиббий бригада ҳамшираси Барчиной Топиволдиева, РИОваБСИАТМ давлат муассасаси Наманган филиали жонлантириш бўлими ҳамшираси Жамилахон Маҳмудова, ВБКТТМ неврология бўлими ҳамшираси Моҳирабону Юнусова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Одина Абдулҳаева, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси жарроҳлик бўлими ҳамшираси Дурдона Асқаралиева, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Малика Собирова ва Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси 32-оилавий поликлиникаси тиббий бригада ҳамшираси Шоҳсанам Тожибоевалар нуфузли ҳакамлар ҳайъати ҳамда томошабинлар олдида бор маҳоратларини намоён этдилар.
Қатнашчилар тўртта шарт бўйича беллашдилар. Дастлаб симулацион хоналарда тиббиёт соҳасига доир амалий билимлар синови кечди. Қатнашчилар тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган беморларни қабул қилишдан тортиб ҳолатни баҳолаш, шифокор томонидан буюрилган муолажаларни тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида бажардилар.
Тиббиёт соҳасига оид назарий билимлар бўйича беллашув ҳам қизғин тус олди. Унда иштирокчиларнинг назарий билимлари клиник имтиҳон усулида, олдиндан тайёрлаб қўйилган билетлар саволларига оғзаки жавоб олиш йўли билан синалди.
Ижтимоий-сиёсий билимлар бўйича беллашув эса катта залда, томошабинлар кўз ўнггида давом этди. Тиббий билимларга оид тезкор савол-жавоблар чоғида эса қатнашчиларнинг заковати, билимдонлиги ва ҳозиржавоблиги яққол кўзга ташланди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир қатнашчининг қобилияти ва зукколигини инобатга олган ҳолда чиқишларни баҳолаб борди.
Ва ниҳоят якуний натижалар эълон қилинди. Унга кўра, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Малика Собирова "Ҳамшира-2024" кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиби деб топилди. Кейинги ўринларни эса Наманган шаҳар туғруқ комплекси жарроҳлик бўлими ҳамшираси Дурдона Асқаралиева ва Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси Қайрағочовул оилавий шифокорлик пункти тиббий бригада ҳамшираси Барчиной Топиболдиевалар эгаллашди.
Тақдирлаш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кўпминг кишилик ўрта тиббиёт ходимлари орасидан сараланиб, кўрик-танловнинг вилоят босқичигача етиб келган ҳар бир иштирокчи эришган натижа бошқалар учун ибрат бўлишини таъкидлади. Кўрик-танловнинг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган Малика Собировага омадлар тилади.