Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Наманган вилояти бўлими раиси
Дилором Маматхонова билан суҳбат.
Маълумот: Ўзбекистон врачлар ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, 1992 йилдан фаолият бошлаган. Ассоциациянинг 14 та ҳудудий бўлими, тор йўналишдаги 13 ихтисослик бўйича уюшмалари мавжуд.
1998 йилдан Европа Тиббиёт Ассоциациялар Форуми ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан халқаро алоқаларни давом эттирмоқда ҳамда ҳар йили ўтказиладиган йиллик форумларида қатнашяпти. Муассаса таклифи билан "Ибн-Сино" фонди ҳамда "Ўзбекистон хусусий врачлар ассоциацияси" ташкил қилинган.
– Дилором Шарифжоновна, бўлимнинг мақсад ва фаолият кўлами ғоятда кенг. Устувор вазифалар нималардан иборат?
– Мақсад вилоятимиз давлат тиббиёт муассасаларида ишловчи 5 минг нафардан зиёд, нодавлат шифохоналардаги 1200 нафар врачларни касбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббиётни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. Хусусан, ассоциация Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига доир фармон, қарор, давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ислоҳотлар сифат ва самарадорлигини оширишда фаол қатнашмоқда. Айниқса, соҳага ахборот технологияларини татбиқ этишда врачлар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишлари изчил олиб бориляпти. Рақамлаштириш жараёнида чекка-чекка ҳудудларда ташкилотчилик ва назорат ишлари амалга оширилди. ВССБ билан бу борадаги ҳамкорлик пировардида тез фурсатда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига локал тармоқлар тортилди. Тизим бўйича edo.ijro.uz электрон ҳужжат алмашиш жорий қилинди. "Электрон ҳужжат алмашиш" хизмати шарофати билан расмий ёзишмалар хавфсизлиги, вақт, маблағ, қоғоз тежашга муваффақ бўлинди. Қон билан ишлаш хизматлари локал компьютер тармоғига бирлаштирилди.
"Электрон поликлиника" вужудга келиши туфайли 2 миллион 750 минг фуқаронинг электрон тиббий картаси ҳамда 531328 нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг маълумотлар базаси яратилди. Қабул журнали ва ҳужжатларини электронлаштириш, касалланиш кўрсаткичларининг ҳафталик, ойлик, йиллик таҳлилларини юритиш ва бошқа афзалликлари билан эл саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Ассоциация врачларни бир мақсад ва маслак йўлида бирлаштирувчи, ҳуқуқий, касбий, маънавий-аҳлоқий қўллаб-қувватловчи қўрғон экан, улар ҳаёти ва фаолиятига оид қандай масалаларда таянч бўла оляпти?
– Биринчи галда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг доимий ва 5 мингдан ортиқ обуначиси бўлган ижтимоий тармоғи ҳамда катта ададда чиқувчи "Шифокор ва ҳаёт" газетасида врачлар эришаётган ютуқлар, тажрибалар, ибратли фаолиятлари мунтазам ёритиб бориляпти. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Наманган вилоят Кенгаши билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйганмиз. 2023 йил давомида меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий ҳимоя каби кўплаб масалаларга оид 18400 дан ортиқ мурожаатларнинг 11233 таси қаноатлантирилишида бевосита ва билвосита қатнашдик. Иш берувчи томонидан тўланмай қолган 1 миллиард 204 миллион 904 минг сўм ҳақ ходимлар фойдасига ундирилиши бўлим диққат марказида бўлди. Ишга тиклаш бўйича 4 та даво аризаси ижобий ҳал этилиши таъминланди.
– Ассоциация ваколатларидан яна бири тиббий ихтисосликлар бўйича диагностика ва даволаш стандартларини ишлаб чиқиш, даволаш-профилактика ишларида илғор технологиялардан самарали фойдаланишга кўмаклашишдир. Бу борадаги ҳамкорликлар натижалари ҳақида сўз юритсангиз.
– Мамнуният билан таъкидлашим жоиз, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилган технологик лойиҳалар Наманган тиббиёти тараққиётида юксалиш даврини бошлаб берди. Мисолларга мурожаат қилайлик. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг филиали вужудга келди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 4,4 миллиард сўмлик 12 турдаги 42 дона энг замонавий офтальмологик асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиали Австриянинг "AME international" халқаро ташкилоти билан тузилган шартномага асосан, қиймати 8,9 миллион Еврога тенг 65 турдаги 343 дона замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада, филиалда амалга ошириб келинган жарроҳлик амалиётлари турлари 18 тадан 85 тага етказилди
Юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида 30 нафардан ортиқ хирургларимиз Германия, Россия, Туркия, Австрия, Ҳиндистон давлатлари билан имзоланган меморандум асосида малака оширди. Айни кунларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урология бўлими мудири Сайфиддин Мамадалиев бошчилигидаги бир гуруҳ шифокорлар Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги Венкатешвар клиникасида доктор Адитя Прадҳан билан робот ва лапароскопик амалиётлар, буйрак трансплантацияси бўйича тажриба алмашмоқдалар.
Барча соҳалар бўйича 80 нафар врачимиз хорижий тиббиёт марказларида малака ва маҳорат эгаллаб қайтдилар.
– Ташкилот низомида халқ табобатини ривожлантириш ва уни ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашиш қайд этилган. Вилоятимиз даволаш-профилактика, соғломлаштириш муассасалари, дорихона ва тиббий таълим муасссаларининг табобат ролидан фойдаланиш бўйича дастлабки тажрибалари нималардан иборат?
– Давлатимиз раҳбари халқ табобатининг синалган усулларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш орқали даволаш тизими натижадорлигини янада ошириш мумкинлигига эътибор қаратдилар. Натижада самараси исботланган доривор ўсимликлар тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига босқичма-босқич киритилмоқда. Вилоятдаги ҳар бир поликлиникада халқ табобати хоналари, фитобарлар ташкил этилиб, касалликлар профилактикасида фаол фойдаланиляпти. Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларидаги фитобарлар ҳам устоз ва талабалар соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Мамлакатимизда хусусий тиббиётга ҳам кенг имкониятлар яратиляпти. Ассоцицация уларни қай тариқа қўллаб-қувватлаяпти?
– Вилоятимиздаги мавжуд 525 та хусусий диагностика ва даволаш муассасаларида 1200 нафар юқори малакали врач фаолият юритмоқда. Уларнинг 10 га яқини тиббиёт фанлари доктори, номзоди, тиббиёт бўйича фалсафа докторлари эканлиги қувонарли. Ассоциация хусусий сектор врачларининг илмий-назарий билим, касбий малакаларини оширишларини фаол хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватламоқда. 50 нафар шифокор халқаро тиббиёт анжуманларида қатнашди, ривожланган давлатлар саломатлик марказларида малака ошириб, илғор технологияларни Наманганда жорий этишга ҳисса қўшишмоқда. Бунинг натижасида энг сўнгги русмдаги тиббий қурилмаларга эга бўлган 25 та хусусий клиникаларда юқори технологияли мураккаб операциялар йўлга қўйилди. Яқиндагина Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган "International Star Awards 2024" халқаро анжуманида "LOR ACADEMY" клиникаси асосчиси Соҳиббек Сотиволдиев ўз илмий-амалий изланишлари тақдимоти билан қатнашиб, ғолиб топилди ва "Халқаро даражадаги Риножарроҳ" дипломи билан тақдирланди.
– Бўлим ташаббуси билан фахрий ва пенсиядаги врачларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган қандай тадбирлар амалга оширилди?
– Бу борада ҳам тармоқ касаба уюшмаси вилоят Кенгаши билан ҳамкорлигимиз хайрли ва баракали бўлмоқда. 40 нафар тиббиётчи бепул соғломлаштирилди. 3000 дан зиёд оқ халат соҳиблари бепул саёҳатларга юборилди. Ижтимоий шерикларимиз ёрдами билан нафақадаги 153 нафар тиббиётчи аёллар байрам муносабати билан йўқланди. 135 нафар марҳум ҳамкасблар оилаларига иззат-икром кўрсатилди. Таклиф ва тавсияларимиз асосида соҳа ходимларининг 1115 нафар фарзандига оромгоҳлар учун имтиёзли йўлланмалар берилди. ВССБ маънавият ва маърифат Кенгаши билан биргаликда Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театрида тиббиёт ходимлари учун "Театр кунлари" ташкил этилиб, бир ой давомида 4 минг нафардан кўпроқ тиббиётчининг маданий дам олишларига эришилди.
– Ассоциация вилоят бўлимига аъзо бўлишни истаганлар учун маълумот берсангиз.
– Бўлим яқинда қайта оёққа турганига қарамай, аъзолар сони 1,5 минг нафардан ортди. Ассоциацияга аъзо бўлиш ҳар бир врач учун фахр. Ҳа, уларнинг ўз жамоалари, бирлашмалари бор. Аммо мазкур нодавлат нотижорат ташкилотга аъзоликлари истеъдодларини намоён этишларига, тажрибалари оммалашишига, илмий мақолалари ваколатли журналларда чоп этилишига, хуллас, ўзларидан яхши из қолдириш ниятидаги барча орзу-интилишларига йўл очади. Зеро, ассоциация ўз аъзоларини жамоавий куч бўлган ҳолда қўллаб-қувватлайди.
Айни пайтда врач ассоциация аъзоси мақомига яраша касбий маданияти, изланувчанлиги, ташаббускорлиги, ҳалол ва фаоллиги билан атрофдагиларга ўрнак бўлмоғи шарт. Чунки улар иш жойида ассоциациянинг расмий вакили ваколатига эга бўладилар. Шу боис уларнинг таклиф-мулоҳазалари устуворлик касб этади. Аъзо бўлиш ҳар қандай расмиятчиликлардан ҳоли ва ихтиёрий. Бу ҳақда ҳафтанинг исталган куни соат 8:00 дан 18:00 гача 94-507-75-71 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Қўшимча қилмоқчиман. Юқоридагилар ҳали ҳаммаси эмас. Бўлим томонидан дунё тажрибаларини эгаллаган атоқли шифокорлар, пенсиядаги устозлар, тиббиёт олийгоҳларининг илғор талабалари билан учрашувлар, хотира кечалари, "Заковат" интеллектуал ўйинлари йўлга қўйилади. Ҳамкорлар билан "Оилавий шифокор" танловини ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда. Аъзоларимиз томонидан билдириладиган таклиф-мулоҳазалар асосида яна бошқа қизиқарли, касбий ва маънавий ривожлантирувчи тадбирлар ташкил этилади.
– Бўлим фаолияти тобора самарадор бўлаверсин. Суҳбат учун ташаккур.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.