Наманган шаҳридаги бу тиббий муассасани халқ орасида вилоят тери-таносил касалликлари диспансери, деб юритишади. Аслида расмий номи Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали бўлиб, бу гал ҳам унинг биноси шаҳар ва туманлардан шифо истаб келган катта-кичик беморлар билан жуда гавжум бўлди.

Сабаби, марказдан таниқли олим-врач, тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Раҳматов ташриф буюрди. Қабул ва кўрик 3-қаватдаги катта хонада ташкилланди. Нега катта хонада? – дея қизиқаётган бўлсангиз, билиб олинг: мақсад тадбирни самарали ва сифатли ўтказиш, бир йўла ҳам беморларни чуқурлаштирилган текшириш, ҳам касбдошларга маҳорат дарси олиб бориш учун бир жойда барча қулайликларни яратишдан иборат эди. Аввало, эрталабдан келувчилар навбати қайд этиб турилди, белгиланган хонага йўналтириб қўйилди, тадбирга тартибли тус берилди.

Катта хона тўрисида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош дерматовенерологи Акрам Баротович, бир ёнида ҳудудий филиал директори Бахтиёр Қодиров, ўринбосари Нодирбек Холмирзаев, поликлиника мудири Ваҳобжон Усмонов, бир томонида туманлардан маҳорат дарси олиш учун келган дерматовенеролог врачлар. Хуллас, тери-таносил касалликлари билан шуғулланувчи мутахассислар жамулжам.

Эшик очилиб, уларнинг кўригидан ўтган, тегишли даво-муолажалар тавсиясини олган беморлар мамнун кайфиятда ташқарига чиқаётган бўлса, ўша заҳоти навбатдагилар умид билан хона остонасидан ичкарига ҳатлашмоқда. Профессор мутахассислигининг чинакам устаси экан, беморнинг кўринишидан, ранг-рўйидан нима безовта қилаётганини дарров пайқаб, юз-кўзлари, қўллари терисидаги муаммоли ҳолатларни синчиклаб назардан ўтказиш жараёнида нажотталабларнинг чеҳрасини ёриштириб юбормоқда. Негаки, ташхислари аниқ, тавсиялари жўяли, ҳар бир сўзи умидбахш.

– Акрам Баротовичнинг келишларидан бохабар бўлгач, шу ёққа эрта тонгдан шошилдик, ахир у кишидан фойдаланиб қолишимиз керак эди-да, – дейди мингбулоқлик Р.Абдуллаева. – Тўрт яшар ўғилчамни терисидаги тошмалари жуда ташвишга солиб қўйган эди. Энди кўнглимизга ёруғлик югурди. Дўхтир айтган малҳамларни суртиб, таблеткаларни ичиб, баъзи бир овқатлардан парҳез тутиб турса, боламиз аввалгидай чиройли кўринишига қайтаркан. Пойтахтлик шифокордан беҳад миннатдормиз.

Бизнингча, бу аёл кўпчиликнинг дилидаги фикрларни ифодалади. Дарҳақиқат, инсон учун табиий қиёфа – асл гўзаллиги ҳисобланади. Теридаги наинки яра-чақа, арзимаган доғ, ранг ўзгариши эркагу аёлда, қизу ўғилда беҳаловатлик, одамлар кўзига кўринишдан тортиниш ҳолатларини келтириб чиқаради. Бундай салбий аҳволдан қутулиш учун эса дерматовенерологлар кўмаклашишади. Шу туфайли мазкур тиббий кўрик вилоят аҳолиси учун айни муддао бўлди, десак асло янглишмаймиз. Катта хонадаги "давра столи"дагилар, уларнинг рўпарасида туриб, ўзларини кўрсатиб, тери билан боғлиқ муаммоларига ечим қидираётганларнинг деярли ҳаммаси мамнун кайфият ту­йишди. Энг муҳими, тажрибали устоз, билимдон мутахассис касбдошлари билан билганларини сидқидилдан ўртоқлашди.

– Марказимизнинг етакчи илмий ходими, профессор Акрам Баротович "Алопеция касаллигини этипатологенетик ташхислаш ва даволашнинг замонавий усуллари", "Псориаз ҳамда витилиго хасталикларида физиотерапевтика даво муолажаларига замонавий ёндошиш" мавзусида касбдошларимизга маҳорат дарсини бердилар,-дейди ҳудудий филиал директори Бахтиёр Қодиров.-Биз домладан кўп нарсаларни ўргандик, яъни кам учрайдиган, атипик кечувчи ва даволашда ижобий самара кузатилмаётган беморларимиз кўригини ўтказиб олдик. Бундан буён уларни устоз тавсия ва маслаҳатларига мувофиқ даволашни муваффақиятли давом эттирамиз.

Бир вақтнинг ўзидаги кўрик ва маҳорат сабоғи беморлар учун ҳам, шифокорлар учун ҳам ғоят фойдали кечди.

Содиқ САЙҲУН.