Шифокорликдек хайрли касб эгалари ҳамиша эъзоз ва эҳтиромга лойиқ. Зеро, уларнинг на тун, на кун демай кўрсатадиган беминнат хизмати, фидойилиги туфайли хаста вужудлар дармон, беором кўнгиллар ҳаловат топади. Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси ички касалликлар бўлими ходимлари ҳам аҳоли саломатлигини сақлашни ҳаётининг мазмуни, эл-юрт ризолигини эса бирдан-бир орзу деб билган инсонлардан.
Бир кунда 70 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга бўлган бўлимда 3 нафар врач, 40 нафар ҳамшира ва 20 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда. Ҳамшираларнинг 25 нафари олий ва 10 нафари биринчи тоифали эканлиги жамоада изланувчанлик, малака ва маҳорат учун интилиш муҳити барқарорлигидан далолат.
Беморлар 5-10 кунгача муолажа қилинади. Ойига 320-340 киши соғайиб, оила, қадрдон жамоаси ва уйига қайтмоқда. Бу ўринда даволаниш учун яратилган замонавий шароитларнинг роли катта. Уч маҳал иссиқ овқат, бепул муолажа, имтиёзли дори-дармонлар шулар жумласидандир. Газета-журналлар таҳламлари, қизиқарли китоблар соғайтиришнинг маънавий омиллари сифатида муҳим аҳамият касб этган.
Юксак маҳорат, инсоний фазилатларга эга бўлган врач Башорат Исоқова, талабчан ва меҳрибон катта ҳамшира Раънохон Нуриддинова, бўлим бекаси Шаҳло Мирзабоева, Саида Топилова, Иқболхон Тўрабоева, Юлдуз Исроилова, Дилфуза Алижонова, Рашида Сиддиқова, Ҳабиба Тўрабоева, Муяссар Ҳожиева ва Ўлмасхон Болтабоева каби қўли енгил ҳамширалар меҳнати таҳсинга лойиқ.
– Врачларимиз даволаш билангина чекланмай, "Соғлом турмуш тарзи", "Тозалик – соғлиқ гарови", "Соғлом овқатланиш" рукнларида мунтазам суҳбат, савол-жавоб, маърузалар билан аҳоли тиббий билим ва маданиятини шакллантирмоқдалар, – дейди бўлим мудири Маҳбуба Ирисбоева, – Айниқса, ҳаво-томчи орқали юқадиган қизамиқ, грипп, гепатит каби касалликлардан сақланиш, шахсий гигиена, яшаш жойларида озодагарчилик мавзуига чуқур эътибор қаратилмоқда.
Тиббий хизмат ва тарғибот жараёнларида Башорат Исоқованинг фаоллиги касбдошларга ўрнак. У жамоа эҳтиромига ўз устида тинмай ишлаши, диагностика ва даволашнинг замонавий усул-у услубларини пухта ўрганиш, татбиқ этишдаги ташаббускорликлари боис эришмоқда.
– Ташхислашга чуқур илмий ёндошув, тўғри муолажа белгилаш, унинг изчил амалга оширилишини қатъий назорат қилиш, касбдошларимдан асло ёрдамимни аямаслигим сабабли жамоа ҳамда беморлар меҳрини қозонаётганимдан хурсандман, – дейди Башорат Исоқова. – Айниқса, дарддан халос бўлиб, оила ва жамоаси бағрига қайтаётган инсонлар чин дилдан миннатдорчилик билдирганларида чеккан машаққатларим бир зумда унутилади, шифокорлигимдан кўнглим тоғдек кўтарилади.
Жамоадаги соғлом муҳит, ҳар бир ходим ўз бурчига сидқидил ва масъулият билан ёндошиши тиббий хизматлар сифат-у самарадорлигини оширишнинг бош омили бўлмоқда. Эришилаётган қувончли натижалар ана шу аҳиллик, бир ёқадан бош чиқариш, тиббиётдаги ислоҳотлар пешқадамлигига интилиш самарасидир.
Қамбар ҲАЙДАР.
Янгиқўрғон тумани.