Аслиддин РАҲМОНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қурилиш-таъмирлаш ва эксплуатация
ишларини ташкиллаш бўлими бошлиғи
Мамлакатимизда аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар доирасида экологик вазиятни яхшилаш, саломатлик омилларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси асосида экотизим такомиллаштириляпти, яшил майдонлар йилдан-йилга кенгаймоқда.
Бу узоқни кўзлаб қилинаётган эзгу ва хайрли амаллардир. Зеро, сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши, йиллик ўртача ҳарорат кўтарилиши, мавсумий қурғоқчилик эҳтимоли натижасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишда "Яшил макон" доирасидаги бунёдкорликлар мустаҳкам таянч бўлади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу умуммиллий ҳаракат бир ё бир неча йиллик тадбир эмас. Келгуси авлодлар учун ҳаётбахш экологик шароит яратиш, табиий неъматларни тоза ва озода ҳолда етказиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Бу умумхалқ ҳаракатининг замирида халқимиз саломатлигини сақлашдек мақсад-муддао мужассамлигини, айниқса, биз, тиббиёт тизими вакиллари чуқур англаймиз. Дарахтлар – тириклик манбаи. Жазирамада соя-салқини роҳат бағишласа, витаминларга бой мевалари саломатлик гаровидир. Унутмаслик керакки, инсоннинг оксигенга, яъни ҳаёт нафасига бўлган эҳтиёжининг 60 фоизини дарахтлар таъминлайди. Япон олимлари ҳисоб-китобига кўра, беш яшарлик бир туп дарахт йил бўйи 10 минг долларлик оксиген ҳадя этар экан. Наботот жонли мавжудотларнинг хилма-хиллигини сақлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Ер атмосферасида миллионлаб тонна зарарли газлар кўпайиб бораётган экан, бу экологик хавфдан инсониятни дарахтлар, яшил маконларгина қутқариши мумкин. Шу боис "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг ҳар бир мавсуми юксак уюшқоқлик ва чуқур масъулият билан ўтказиляпти. Бу жараёнда вилоят соғлиқни сақлаш тизими жамоалари ҳам бир ёқадан бош чиқарган ҳолда кўтаринки руҳ билан қатнашмоқдалар.
Лойиҳанинг 2024 йил баҳорги мавсумида вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳудудларига 2053 туп мевали, 3889 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 4725 дона гул, бута ниҳоллари, 5796 дона терак қаламчалари иқлим, тупроқ таркибига қараб, агротехник қоидалар асосида экилди.
Яна шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, тизим фаоллари ташкилотчилиги билан жамғарилган 11 минг кўчатдан ташқари, вилоятимиз ўрмончилари томонидан яна 25000 дона сара навли манзарали дарахт ниҳоллари етказиб берилди. Бунинг ҳисобига баҳорги мавсум учун белгилаган режамиз 320 фоиз этиб бажарилди.
Ҳар бир кўчат электрон платформага киритилди. Бу унинг барқ уриб ривожланиши доимий ва қатъий назорат остида бўлади деганидир. Платформа орқали олиб бориладиган мониторингларда уларни вақтида суғориш, ўғитлаш таҳлил қилинади. Бу дастлабки профилактиканинг асоси бўлмиш қулай атроф-муҳит яратиш, экологияни яхшилашга, ҳудудларнинг кўркам ва тароватли бўлиши учун тизимимиз ходимлари қўшган муносиб ҳиссадир.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ
ёзиб олди.