25 апрель – Бутунжаҳон безгакка Қарши кураш куни
Мазкур сана Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2007 йил май ойида бўлиб ўтган 60-сессияси қарорига мувофиқ ҳар йили нишонланмоқда. Лойиҳа доирасида дунё бўйича безгак касаллигининг олдини олишга қаратилган профилактик ва тарғибот тадбирлари, аҳолининг билим ҳамда ҳушёрлигини оширишга оид тиббий-маърифий анжуманлар ўтказиляпти.
Безгак – хавфли ва юқумли касаллик. Уни микроскопдагина кўриш мумкин бўлган плазмодий туркумига мансуб содда қон паразитлари келтириб чиқаради. Плазмодийлар инсон организмига сўлак безларида безгак паразитлари бўлган Анофелес чивини чақиши орқали тушади. Қонида безгак паразитлари мавжуд бемор касаллик манбаига айланади. Шунингдек, зарарланган қон, тиббий анжомлар юқиш омилларидир. Шу дардга чалинган онадан ҳомилага ўтиш ҳоллари ҳам кузатилган.
Безгак паразитлари жигар тўқимаси ва қизил қон таначалари, яъни эритроцитларда яшаб, кўпаяди. Ниҳоят, эритроцитларни парчалайди. Натижада қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак-қон томир ва бошқа тизимларни ишдан чиқаради. Ушбу касаллик организмда жадал ривожланади. Шунинг учун даволаш ўз вақтида бошланмаса, бемор бир неча кун ўтгач вафот этиши мумкин.
Безгакнинг асосий белгиси, биринчи навбатда, тана ҳароратининг кўтарилиши, титраш, терлаш, шунингдек, камқонлик юзага келиши, жигар ва талоқ катталашувидир.
Олдини олиш учун касалланганлар ва паразит ташувчиларни тезкор аниқлаш ва даволаш даркор. Безгак чивинлари кўпаядиган жойларни йўқотиш, тегишли санитария-гидротехника тадбирларини амалга ошириш шарт. Кўлмак, ботқоқларни қуритиш, кераксиз сув ҳавзаларини ёпиш, ариқ, зовур, ҳовузларни тозалаш, кўп қаватли уйлар ертўлалари санитария ҳолатини яхшилаш, дренажлар қуриб, уларнинг меъёр даражасида ишлашини таъминлаш лозим.
Ташқи муҳитга чивинларга қарши биологик ва кимёвий препаратлар билан ишлов бериш, сув ҳавзаларида чивин личинкалари билан озиқланадиган гамбузия балиқларини кўпайтириш лозим. Хонадон деразаларининг очиладиган жойлари чивин ўтказмайдиган матолар билан қопланиши, пашшахона, репеллентлар, ҳимоя кийимларидан фойдаланиш, узун енг ва почали либос, оёқни тамомила беркитувчи пойабзал кийиш тавсия этилади. Касаллик юқтириши эҳтимоли юқори бўлган одамлар ўртасида кимёвий профилактика ишлари ўтказиш ҳам самара беради.
Шунингдек, безгак бўйича эндемик мамлакатларга жўнаб кетадиган фуқаролар ўз поликлиникаларида профилактик қоида ва тушунчаларни билиб олишлари, эслатма, безгакка қарши препаратлар қабул қилишлари мақсадга мувофиқ. Эпидемиологик нохуш юртлардан келган фуқаролар эса врач суҳбати ва лаборатория текширувидан ўтишлари талаб этилади.
Безгакнинг олдини олишга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Унинг мамлакатимизга қайтишига йўл қўймайлик!
Камолхон МУҲИБИЛЛАЕВ,
Давлатобод тумани СЭО ва ЖСБ бошлиғи
вазифасини вақтинча бажарувчи.
Сурайё ҚИРҒИЗОВА,
паразитология бўлими ва
лабораторияси мудири.