Яқинлашиб келаётган 9 май – "Хотира ва қадрлаш" куни муносабати билан ташкил этилаётган "Инсон қадри учун!" шиори остидаги тиббиёт фахрийларини қадр­лаш, марҳумларни ёд этишга бағишланган меҳр ва мурувват акцияси 1 майдан бошланиб 9 майгача давом этади.

Шу муносабат билан вилоятимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларида самарали меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган 60 ёшдан ошган меҳнат фахрийлари ҳамда вафот этган соҳа ходимлари рўйхатлари шакллантирилиб, жойлардаги иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари томонидан тасдиқланган ҳолда вилоят кенгашига тақдим этилади.

Акция доирасида тармоқ бўйича тузилган фахрийлар ҳамда марҳумлар рўйхатлари асосида "Қадрнома" ва "Ёднома" ёрлиқлари тайёрланмоқда. Хайрли тадбир кунлари тегишли ишчи гуруҳ аъзолари кекса авлод вакиллари хонадонларига бориб, фахрийлар ҳолидан хабар олади ҳамда ёрлиқларни топширади.

Акция доирасида соҳанинг 1000 нафардан зиёд меҳнат фахрийларини эъзозлаш ҳамда 100 нафарга яқин вафот этганларни хотирлашга бағишланган эзгу тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Умид қиламизки, ушбу хайрли иш юқори савияда, уюшқоқлик билан амалга оширилишида жойлардаги иш берувчилар ҳамда касаба уюшма ташкилотчилари фаоллик кўрсатадилар.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг вилоят Кенгаши раиси.